Қозоғистонлик олимлар йирик илмий тўплам устида ишламоқда. У Хожа Аҳмад Яссавийнинг маънавий ва фалсафий мероси, шунингдек, мутафаккирнинг туркий халқлар анъаналари ва маънавий маданияти ривожига таъсирига бағишланган. Тадқиқотга 30 дан ортиқ диншунос ва тарихчи мутахассислар жалб этилган. Мутахассислар Хожа Аҳмад Яссавийнинг асарлари, ҳаёт йўли, устозлари, шогирдлари ҳақидаги архив материаллари ва қўлёзмаларни тўплаяпти, таржима қиляпти, илмий таҳлил қилиш билан шуғулланяпти. Евроосиё миллий университети диншунослик кафедраси доценти Нурлан Қаирбеков ҳамкасблари билан биргаликда таниқли мутафаккирнинг илгари ўрганилмаган асарларини топиш ва тадқиқ қилиш билан банд. У тадқиқот натижалари бўйича йирик илмий тўплам нашр этиш, Яссавийнинг кўп қиррали меросини жаҳон ҳамжамиятига намойиш этиш зарурлигини таъкидлади.
Нурлан Қаирбеков, Евроосиё Миллий университети Диншунослик кафедраси доценти:
- Бу меросни ўрганарканмиз, Қозоғистондан ташқарида, чет элларда ишладик. Биз Ўзбекистонда, Тошкент, Бухоро, Самарқанд каби шаҳарларда бўлдик. Туркияга ҳам бордик. Анқарадаги, Истанбулдаги кутубхоналардан керакли материалларни топдик. Хожа Аҳмад Яссавий таълимоти мероси жўғрофияси кенг, у барча туркий халқларга дахлдор.
Абдумалик Сарманов таржимаси

