Мажилис янги Солиқ кодексини маъқуллади

Мажилис янги Солиқ кодексини маъқуллади

Қозоғистонда қўшимча қиймат солиғи 16 фоиз, уни жорий этишга асос берувчи йиллик айланма маблағ 40 миллион теңге кўламида белгиланиши мумкин. Мажилис буни кўзда тутувчи янги Солиқ кодекси лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжатни Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири депутатларга тақдим этди. Серик Жуманғарин якка шахслардан олинадиган солиқ даромадга кўра олинишини таъкидлади. Шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, китоблар нашр қилиш, археология соҳалари ҚҚСдан озод қилинади. Янги кодекс агросаноатни катта ўзгаришга олиб келмайди. Ҳужжат доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулот етиштирувчилари учун 70 фоизли енгиллик кўзда тутилган. Янги кодексда хусусий тадбиркорлар иш бошлаб олиши учун қатор енгилликлар кўзда тутилган. 

Ерлан Қўшанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси раиси: 

- Қўшимча қиймат солиғи бўйича муросага кела олдик. Бу эса катта муваффақият. Чунки у жамиятни ташвишга солган мураккаб муаммолардан эди. Биз ҳар ким даромадига кўра солиқ тўлагани маъқул дедик. Савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш, товар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган кичик ва ўрта бизнес учун махсус солиқ тартиби жорий этилади. Бу депутатлар айтгани каби оддий халқнинг ҳамёнига юк бўлмайди. Янги солиқ сиёсатининг мақсади ҳам шундан иборат.  

Абдумалик Сарманов таржимаси