Мажилис яна бир келишувни ратификация қилди

Мажилис яна бир келишувни ратификация қилди

Мажилис Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номини Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартиришга доир шартномани ратификация қилди. Эслатамиз, қарор 2021 йилда қабул қилинган, 2022 йилда эса Давлат раҳбарлари уни имзолаган. Ушбу ўзгариш ташкилот мақомини ошириш ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Бундан ташқари, ўзгариш туфайли Котибият ҳужжатларини тасдиқлаш функцияси Ташқи ишлар вазирлари кенгашига, якуний қарорларни қабул қилиш эса Давлат раҳбарлари кенгашига юкланади. Шу билан бирга, Туркий тилли давлатларнинг Оқсоқоллар кенгаши тўғрисидаги низом “тасдиқланмайди”, балки Ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан “маъқулланади”.

Алибек Бакаев, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари:


– Қозоғистон томонидан оқсоқоллар кенгаши таркибига Икром Адирбеков киради, қолган давлатлар ҳам ўз вакилини ўзи танлайди. Оқсоқоллар ташкилотининг асосий мақсади – давлат ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига амалий маслаҳатлар бериш.


Бундан ташқари, Мажилис Туркистоннинг алоҳида мақоми тўғрисидаги қонунни қабул қилди ва уни Сенатга йўллади. Эслатамиз, ушбу ҳужжат шаҳарни Қозоғистоннинг маънавий-маданий, тарихий ва сайёҳлик маркази сифатида шакллантириш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратишга қаратилган.


Абдумалик Сарманов таржимаси