Қозоғистон-Хитой: Ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари

Қозоғистон-Хитой: Ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари

Қозоғистон Президенти Хитой мамлакатимиз учун алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Келгусида ҳам ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш муҳим, деди Давлат раҳбари.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон учун Хитой Халқ  Республикаси алоҳида аҳамиятга эга. Бизнинг ҳамкорлигимиз мустаҳкам дўстлик ва ўзаро ёрдамга асосланган. Умумий мақсадимиз бор, бу – икки тарафлама муносабатларни фаоллаштириш. Бизни минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳамда шерикликни мустаҳкамлашга интилиш ҳам бирлаштиради. Келажакда ҳам Хитой билан бир умрлик ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантириш жуда муҳим.

Ўз навбатида, ХХР раиси Қозоғистон  Президентига таклифини қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди.

Си Цзиньпин, Хитой халқ республикаси раиси:

- Бугун сиз Хитойга давлат ташрифи билан келдингиз, бу эса икки томонлама муносабатлар нақадар юксаклигини, Хитой билан алоқаларингиз нақадар яқинлигини  яна бир марта тасдиқлайди. Хитой ва Қозоғистон ўзаро ҳамкорлигининг «олтин ўттиз йиллиги»да янги саҳифа очилди. Мамлакатларимиз дўстлик, қўллаб-қувватлаш, ҳар икки томон  учун фойдали алоқаларни чуқурлаштириб бориши зарур.

Хитой Қозоғистон орқали товар экспорти ва импортини амалга оширади. Шу жумладан, Қозоғистон маҳсулотини ҳам. Айни вақтда, мамлакатимиз товар ассортиментини кенгайтириш ниятида.Ўтган йилнинг ўзида ўзаро савдода қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 780 миллион долларни ташкил қилди. Умумий товар айланмаси 31 миллиард долларга етди. Қосим-Жўмарт Тўқаев 2030 йилгача 40 миллиард долларлик маррага етишни таклиф этди. Қозоғистон ва Хитой 21 миллиард доллар ҳажмида 52 та қўшма инвестициявий лойиҳани рўёбга чиқаряпти. Шундан 25 таси фойдаланишга топширилди.

Ерлан Зейнешев, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги инвестициялар қўмитаси раиси ўринбосари:

- Бизнинг режамизда яна 27 та лойиҳа бор. Улардан бир қисми рўёбга чиқарилмоқда, заводлар қуриляпти, баъзиларининг лойиҳа ҳужжатлари тайёрланади. Шунингдек, биз истиқболли, деб ҳисоблайдиган яна 8-9 та лойиҳа бор. Улар бўйича жадал музокаралар давом этяпти, лекин ҳозирча рўёбга чиқаришга киришганимиз йўқ. Давлат раҳбарининг ташрифи бизнинг инвестициявий ҳамкорлигимизга, жумладан, қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришимизга қўшимча туртки беришига умид қиламиз.

Музокаралар якунига кўра, томонлар 20 дан зиёд ҳужжат имзолади. Хусусан, Қозоғистон ва Хитой ҳукуматлари ўзаро виза талабларини бекор қилишга келишиб олди. Икки давлат раҳбарлари музокара ниҳоясида қўшма баёнот берди.

Абдумалик Сарманов таржимаси