Мажилис сунъий онг тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Мажилис сунъий онг тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Қозоғистонда сунъий онгни ривожлантириш меъёрлари қонунчилик асосида мустаҳкамланади. Мамлакат Парламентининг қуйи палатаси депутатлари  нейрон тармоқлардан фойдаланишни тартибга солувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжатнинг асосий вазифаси, дея таъкидлайди мажилисменлар, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, соҳадаги инвесторлар ва ишлаб чиқарувчилар учун жараённинг тушунарли, айни пайтда, шаффоф қоидаларини яратишдан иборат. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси иқтисодиётнинг турли соҳаларида СИ технологияларини жорий этиш масаласида давлатнинг ролини белгилаб беради. Тартибга солиш ижтимоий муносабатларга ҳам тегишли бўлиб, нейротармоқни ишлатишнинг ахлоқий тамойилларини мустаҳкамлайди, ўз ишланмаларида бундай технологиядан фойдаланадиган қозоғистонликларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Қонунда соҳани қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, тадқиқотларни молиялаштириш, таълимий дастурлар яратиш ва халқаро ҳамкорлик орқали.

Ерлан Қўшанов, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси раиси:

- Давлат раҳбари сунъий онгни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратган. Миллий қурултойнинг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида у мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантиришнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда сунъий онг маҳсулотларини қўллаш жадал равнақ топиб бораётганига қарамай, ҳозирча фақат озчилик давлатларда уни тўлақонли ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси мавжуд. Шу билан боғлиқ ҳолда, энг яхши халқаро амалиётларни ҳисобга олиб, депутатларимиз ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.


Екатерина Смишляева, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:

- Қонун лойиҳасининг муҳим қисми Сунъий онг миллий платформаси саналади, бу сунъий онг кўмагида маҳсулот ишлаб чиқариш ва фойдаланиш учун ягона инфратузилма. Ишлаб чиқариш муҳитидан ташқари, платформа сунъий интеллект моделларини ўргатиш учун маълумотлар кутубхоналарини шакллантиради ва уларни қўлетарли қилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси