Бу илғор халқаро тажрибага тўла мос келади. Қозоғистон халқи ассамблеясининг 32-сессиясида Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлагани каби, бугунги кунда мазкур институт давлатчилик асосларини таъминлайди. Қозоғистон халқининг бирлиги ҳақида гапирар экан, Президент хорижда ном қозонган барча юртдошларимиз, этник келиб чиқишидан қатъий назар, “қозоқ” деб аталишини айтиб ўтди. Давлат раҳбари фикрича, бу табиий ҳол. Тинчлик-тотувлик эса мамлакатда давлат мафкураси сифатида қабул қилиниши зарур.
ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:
- Жамиятимиз умумий идеаллар ва қадриятлар асосида бирлашган эркин ва масъулиятли фуқаролар иттифоқидан иборат. Бу миллий ўзига хосликнинг яна бир ёрқин кўриниши. Шунинг учун бугунги кунда барча фуқаролар ўзини улкан ва ягона қозоқ оиласи, мазмунан, миллатнинг бир қисми деб ҳис этади. Барчамиз бир оиламиз ва бу шунчаки гап эмас, одатий мавжудлик.
Қосим-Жўмарт Тўқаев фикрича, ҳар бир қозоғистонлик бирликни мустаҳкамлаш учун бор кучини бериши лозим. Фуқаролар бу тамойилга содиқ қолиши зарур. Ана шу қадрият тан олиниши ва ҳурмат қилиниши сабабли Қозоғистон халқи тинчликда умр сурмоқда.
ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:
- Ҳар бир фуқаро ўз келажагини Қозоғистон билан боғлаши керак. Шундагина мамлакат бирлигини сақлаб қола оламиз. Ҳеч ким этник келиб чиқиши, тили ёки диний мансублиги учун камситилмаслиги зарур. Бундай шаклда ажратишга йўл қўйилмайди. Қозоғистон -барчамизнинг умумий уйимиз.
Президент Қозоғистонда ўзига хос турмуш тарзи шаклланганини таъкидлади. Турли маданияту анъаналар уйғунлашиб кетган ва умуммиллий ўзига хосликни яратган.
ТАНЗИЛА ХАШИЕВА, ҚОЗОҒИСТОН ЧЕЧЕНЛАРИ ВА ИНГУШЛАРИ «ВАЙНАХ» ҲАМЖАМИЯТИ АЪЗОСИ:
- Бугун айтилган гаплар – давр талаби ва давр нафаси. Қозоғистон халқи ассамблеяси қаршисига қўйилган топшириқ ва мақсадлар замонамиз талаби. Қозоғистондаги ўзига хосликка бўлган янгича нигоҳ, ушбу фикрлар тилга олинган контекст, ёшларимиз учун, замондошларимиз учун, барча фуқаролар учун муҳим ва фойдали, деб ўйлайман.
Қосим-Жўмарт Тўқаев юртдошларимизга мукофот топширди
Мамлакатимиз тинчлигини, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган юртдошларимиз, жамиятнинг фаол аъзолари қилган хизмат Давлат раҳбари эътиборидан четда қолмади. Диаспора вакилларига Президент «Қурмет», «Дўстиқ» орденлари, «Шапағат» медалини топширди, қатор фуқароларга шахсий миннатдорчилигини билдирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси