Жорий йилда Балхаш ва Кульсари, Сатпаев ва Хромтау шаҳарларида саноат зоналари бунёд этилади. Экибастузда эса 140 миллиард тенге қийматга эга ферроқотишмалар заводи иш бошлайди. Қарағандига қилган сафарида Бош вазир моношаҳарларни ривожлантириш бўйича республика семинар-кенгаши ўтказди. Ўлжас Бектенов таъкидлашича, Президент топшириғига кўра, аҳоли пунктлари ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилиши режалари модернизация қилинди. Натижада, моношаҳарлар учта гуруҳга бўлинди, уларнинг ҳар бири учун устувор чора-тадбирлар белгиланди. Муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмаларни модернизациялаш, IT, агросаноат, туризм ва фан соҳаларида инвестициявий дойиҳаларни рўёбга чиқариш, индустрия ва кичик саноат зоналари яратиш мўлжалланяпти. Мамлакатда 20 та моношаҳар мавжуд. Саноат ишлаб чиқаришининг учдан биридан кўпроғи улар ҳиссасига тўғри келади.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Биз ҳар бир шаҳарда касалхона, мактаб, стадион ва бошқа ижтимоий объектлар бунёд қиламиз, лекин агар иш ўринлари бўлмаса, уларда қолиб яшашни истовчилар кам топилади. Шунинг учун инвесторлар жалб қилиш, зарур шарт-шароитлар яратиш керак. Бўш ётган бинолар ва ер участкаларини таклиф қилиш, янги ишлаб чиқаришларни очиш зарур. Бундай усуллардан фойдаланилмаса, ривожланиш ҳам бўлмайди. Энг муҳим масала — инвесторлар жалб этиш. Сарань, Экибастуз ва бошқа шаҳарларда натижа бор, аммо бу йўналишда фаоллик керак.
Ўлжас Бектенов минтақада Президентнинг саноат, уй-жой-коммунал хўжалик ва агросаноат мажмуасини ривожлантириш бўйича берган топшириқларининг бажарилишини кўздан кечирди. Ҳукумат раҳбари «Saran» саноат зонаси корхоналари ва қатор ишлаб чиқаришларга борди. Мавжуд шахталардаги иш ва ходимларнинг меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди. Энергетика ва қишлоқ хўжалигидаги лойиҳаларга эътибор қилди. Бош вазир Саноат ва қурилиш вазирлигига тегишли органлар билан бирга корхоналар имкониятларидан тўлақонли фойдаланишни, ёндашган ишлаб чиқаришлар занжири ривожланишини таъминлашни топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

