Марказий Осиё: «Яшил» қурилиш соҳасида ҳамкорлик

Марказий Осиё: «Яшил» қурилиш соҳасида ҳамкорлик

Марказий Осиё давлатлари минтақада экологияга мос қурилиш соҳасини биргаликда ривожлантиради. Бугун Астанада минтақа мамлакатларининг тегишли ташкилот вакиллари ушбу соҳадаги ҳамкорлик борасида меморандумни имзолади. Мазкур ҳужжат асосида тарафларнинг «яшил» қурилиш соҳасидаги илмий-тажрибавий интеграцияси кенгаяди. Бу борада мамлакатимизда кўпгина ижобий қадамлар қўйилган. Қозоғистонда ҳозирги кунда халқаро «яшил» қурилиш талабларига жавоб бера оладиган 100 га яқин объект қад ростлаб турибди. Уларнинг ярми миллий стандартларга мувофиқ қурилган. Юртимиз минтақада биринчи бўлиб, бу соҳада ўз қоидаларини яратди. Умуман, бугунги кунда мавжуд шундай биноларнинг ярмига яқинини ижтимоий объектлар, бизнес марказлари ва тураржойлар ташкил қилади. Келгусида бу кўрсаткични 15 фоизга тенглаштириш кўзда тутилган. Шу билан боғлиқ ҳолда, ҳозирда давлат кўмагининг турли механизмлари татбиқ этилган. Маҳаллий компаниялар «яшил» қурилиш учун зарур бўлган материалларни ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқда. 

Диас Байсейітов, Қозоғистон «Яшил» қурилиш кенгашининг тараққиёт бўйича директори:

 - Бизнинг «Ҳаёт» деб аталган  экологик иморатларимиз бўйича стандартларимизга бошқа давлатлардаги ҳамкасбларимиз катта қизиқиш билдиряпти. Улар шу ва енгиллаштирилган «яшил» молиялаштириш борасидаги турли давлат кўмаги механизмини ўзларида жорий этиш ниятида. Бундан ташқари, келишув доирасида замонавий таълим дастурлари алмашилади. Яъни олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Замонавий қурилиш тажрибалари бўйича муҳандислар ва меъморлар ўзаро тажриба алмашади.   

Темур Аҳмедов, Ўзбекистон Экологик қурилиш бўйича кенгаши асосчиси ва директори:

- Қозоғистонда «яшил» қурилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу соҳага тегишли Миллий стандартлар белгиланган. Ўзбекистонда бу борадаги ишлар энди-энди бошланяпти. Шунга кўра, Қозоғистон тажрибасидан фойдаланиш ниятидамиз. Ўз навбатида, шу мавзудаги мактаб дастурини маҳаллий ҳамкасблар билан бўлиша оламиз. Шу тариқа, бир-биримизни тўлдирган ҳолда,  бутун минтақада «яшил» объектлар барпо этилишига туртки беришни режа қилганмиз. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.