Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой хавфсизликни таъминлаш учун ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой хавфсизликни таъминлаш учун ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой минтақада хавфсизликни таъминлаш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида. Хитой, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари «Марказий Осиё + Хитой» шаклидаги тегишли идораларнинг иккинчи учрашувида иштирок этиш учун Астанага ташриф буюрди. Уларни Давлат раҳбари қабул қилди. Томонлар трансмиллий жиноятчилик, кибертаҳдидлар ва экстремизмга қарши курашни муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев минтақа давлатлари ва ХХР ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини таъкидлади. Марказий Осиё муҳим транспорт ва савдо йўналишлари чорраҳасида жойлашгани сабабли, ҳудудга трансмиллий жиноий тармоқларнинг эътибори кучайиб боряпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Транскаспий халқаро транспорт йўналиши Евроосиё логистикасининг стратегик элементига айланмоқда. Унинг аҳамияти глобал савдо занжирларининг ўзгариши ва геосиёсий кескинликнинг кучайиши шароитида бир неча баробар ортди. Шу билан бирга, юк оқимлари кўпайиши маълум таваккалларга олиб келади. Гап трансмиллий жиноятчилик: контрабанда, гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ташиш ҳақида кетмоқда.

Минтақада барқарорликни сақлашнинг энг яхши усули, деди Давлат раҳбари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаол ҳамкорлиги бўлиб қолмоқда. Ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш - энг яхши тажрибаларни алмашиш ва биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, трансмиллий жиноий гуруҳларнинг молиявий оқимларини тўсиб қўйиш устувор вазифалар сирасига киради. Экстремизм ғоялари тарқалишига, интернет орқали террористик гуруҳларга ёллашга барҳам бериш, кибертаҳдидларга қарши курашни кучайтириш зарур. Учрашув иштирокчилари тезкор ахборот алмашинувини мустаҳкамлаш, профессионал алоқаларни ривожлантириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига замонавий технологияларни жорий этиш ниятини тасдиқлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси