Донорлик органларини сақлаш тизими яратилди

Трансплантология соҳасида шов-шув. Қозоғистонлик шифокорлар донорлик органларини ташув ва даволаш учун ноёб тизимни ишлаб чиқди. Технология уларни 24 соатдан кўпроқ вақт мобайнида сақлаб туришга замин яратади. Шу тариқа, докторлар барча зарур операцияларни бир кундан кўпроқ вақт давомида амалга ошира олади. Илгари донор-юракни энг кўпи билан 6 соат ичида транспортировка қилиш мумкин эди. Етказув вақтини бундай тарзда узайтириш усулини пойтахтдаги Кардиожарроҳлик миллий илмий маркази мутахассислари ишлаб чиққан. Тизимнинг ўзига хослиги шундаки, у исталган донорлик органида сунъий қон айланиши узлуксиз бўлишини таъминлаб беради, айни дамда, шунга эҳтиёжи бор беморга кўчириб ўтказилгунига қадар ушбу орган ишлаб туради.

 

Тимур Лесбеков, University Medical Center  кардиожарроҳлик корпоратив фонди директори:

- Бу кислородли баллон қўлланадиган дунёдаги бошқа усуллардан фарқ қилади. Катта баллонга, умуман, кислородга, бирорта ҳаво бериш манбаига уланиш шарт бўлмайди. Ушбу қурилма сизу биз мунтазам нафас оладиган атмосфера ҳавосини тўплаш,  маълум нисбатга келтириш ва қон оқимига етказиб бериш имконига эга, шунда қон етарли даражада тўйинган бўлади, орган етарли миқдорда кислород олади.

Бундай нодир ноу-хауни ишлаб чиқишга шифокорлар 2015 йилда киришган, бироқ тизим устидаги биринчи амалий синовни фақат 7 йилдан кейингина ўтказишга муваффақ бўлинди. Эндиликда мутахассислар бир қанча клиник синовлар ўтказиш ва шундан кейин ишланмани амалга татбиқ этишни кўзламоқда. Ҳозирча юртимизда донорлик органлари хорижий ускуналар кўмагида транспортировка қилинади.

Юрий Пя, University Medical Center корпоратив фонди бошқарув раиси:

- Бу ускуна қиймати 200 минг доллардан ошиқ. Бизнинг ишланма эса, ўз технологиясига кўра, Американикидан фарқ қилади. Айта оламанки, айни пайтда кўрсатилган натижа Америка ускунасидан анча юқори. Бунга боғлиқ қийматга келсак, ўйлайманки, у анча арзонга тушади.

Қозоғистонда 2012 йилдан бери юракни кўчириб ўтказишга доир 95 та операция амалга оширилган. Бугунги кунда шу амалиётни кутаётганлар рўйхати 137 кишидан иборат, шунинг 10 нафари болалар. Умуман, мамлакатимизда 4 минг нафар бемор ҳаёти органлар трансплантациясига боғлиқ. Ишланма муаллифлари айтишича, тизим шундайларга янги имконият тақдим этади.

Хуршида Абдуллаева таржимаси.