Қозоғистон мактабларида инновацияларга интилиш кузатиляпти. Даниял Исқақов эриган қор сувини зарарсизлантириш усулини таклиф қилди. Назарбоев Заковат мактаби ўқувчиси уйлар томидаги эриётган қор сувини тозалаш ва техник мақсадларда ишлатиш имконини берувчи ускуна муаллифи бўлди. Унинг таъкидлашича, лойиҳага мувофиқ яратилган ускуна энергетик жиҳатдан самарали, тежамкор. Қорни эритиш учун ертўладаги иситиш батареялари қувватидан фойдаланилиши кўзда тутилади. Натижада, уй-жой мажмуаларидаги чучук сувга бўлган эҳтиёжнинг қисман қопланиши имкони туғилади.
Даниял Исқақов, лойиҳа муаллифи, Назарбоев Заковат мактаби ўқувчиси:
- Махсус идишга куралган қор тўпланади, шундан кейин махсус қиздирувчи элемент ёрдамида эритилади. Чиққан сув вақти-вақти билан чиқариб олиб, тозалаш мумкин бўлган фильтр орқали ўтказилади. Сўнгра эриган сув тўпланадиган идишга юборилади. Махсус насос ёрдамида техник сув истеъмолчиларга етказиб берилади. Махсус биологик фильтрдан фойдаланилса, бу сувни тўлиқ тозалаш, одамлар истеъмол қилиши учун фойдаланиш ҳам мумкин.
Астаналик яна бир ўқувчи мамлакатда ўсадиган доривор ўсимликлар тўғрисида маълумот тўплаш ва уларни тартибга келтириш билан боғлиқ лойиҳасини тақдим этди. Махсус мобиль илова ёрдамида ўсимликларнинг биологик тавсифини ўқиб чиқиш, улардан шифобахш дамлама ва тиндирмалар тайёрлаш усулларини ўрганиш мумкин. Бунинг учун фойдаланувчи ўсимликни суратга олади ёки тайёр фотосини киритади, сўнгра сунъий интеллект ёрдамида дастур турли манбалардан тўпланган маълумотни тақдим этади. Муаллифлар таъкидлашича, илованинг илк версияси қозоқ тилида ишлайди. Келажакда унга инглизча ва русча маълумотлар киритилиши мўлжалланган.
Диляра Қанатқизи, лойиҳа муаллифи, Назарбоев Заковат мактаби ўқувчиси:
- Бу мобиль иловани яратишда биз Google гуруҳи яратган Chapple machine веб-иловасидан фойдаландик. Ўсимликларни таний олиши учун Андроид студиясида Java тилида код ёздик. Мобиль иловани янада такомиллаштириш ниятидамиз. Унга фақат Ақмўла вилояти эмас, Қозоғистоннинг бошқа минтақаларидаги ўсимликларни ҳам киритамиз. Маълумотлар базаси яратишни режалаштирганмиз. Келгуси версияларида шифобахш ўсимликларнинг қайси минтақаларда ўсиши ва қандай хислатларга эгалигини кўрсатамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.