Қозоғистонда «Марказий Осиё-2040» тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Давлат раҳбарларининг 9 августда Астанада бўлиб ўтадиган саммити минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши кутиляпти. Чунки унда республикаларнинг беш томонлама ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича устуворликлари акс этган. Қосим-Жўмарт Тўқаев Марказий Осиё давлатлари Хавфсизлик кенгашлари котиблари билан учрашувда шундай баёнот берди. Минтақада ҳозир жадал ривожланиш кузатиляпти. Сўнгги 5 йил ичида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо 80 фоизга ошди ва 10 миллиард долларни ташкил қилди. Янада ривожланиш учун аввало барқарорлик керак. Айни вақтда чорловларга қарши туриш керак, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Хавфсизлик кенгаши раислари учрашуви муҳим минтақавий мулоқот майдончасига айланиши кутиляпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Фикримизча, Афғонистонни минтақавий алоқаларга фаол жалб этиш замонавий босқичда стратегик вазифалар қаторига киради. Бунда мамлакатларимиз мавқеини мувофиқлаштириш жуда муҳим. Республикамизда БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун барқарор тараққиёт мақсадлари минтақавий марказини ташкил этиш лозим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев республикалар барча соҳаларда, йўналишларда фаол ҳамкорлик қилаётганини кўрсатиб ўтди. Айни вақтда, бу фаолият минтақа доирасида чекланиб қолмаяпти. Жаҳон ўйинчилари «Марказий Осиё плюс» форматига қизиқиш билдирмоқда. Европа иттифоқи, ХХР, АҚШ, Германия, Араб давлатлари билан бўлиб ўтган учрашувлар ҳам шундан далолат беради. Давлат раҳбари мамлакатлар ўртасига нифоқ солишни истаган бегона кучларга қарши биргаликда курашишга чақирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бундай уринишлар ва ёндашувларни биз қатъиян рад этишимизни таъкидламоқчиман. Умуман олганда, мамлакатларимиз ўртасида ҳар томонлама мақбул бўлган ечими топилмайдиган муаммо йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Фақат бир-биримизни қўллаб-қувватлаш орқалигина қардош халқларнинг фаровонлигига эриша олишимизга ишонаман.
Қозоғистон етакчиси беш томонлама форматни ташкилот шаклида ривожлантириш зарурлигини кўрсатиб ўтди. XXI асрда Марказий Осиёни тараққий эттириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида тарихий шартноманинг имзоланиши Астана саммитининг асосий якуни бўла олишини таъкидлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.