Эслатамиз, тадбир 18-19 май кунлари Сиан шаҳрида бўлиб ўтади. Минтақа давлатлари ва Осмоности мамлакати алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини англайди, дея таъкидлайди экспертлар. Масалан, Қозоғистон ва Хитой фуқаролар учун ўзаро визасиз кириш-чиқиш тартибини жорий этишга қарор қилди. Бу қадам тадбиркорлик алоқалари кенгайишига сабаб бўлади. Зеро, сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми ортмоқда. Ўтган йили товар айланмаси 24 миллиард доллардан ошди.
БЕКЖАН САДИҚОВ, ҚОЗОҒИСТОН СТРАТЕГИК ТАДҚИҚОТЛАР ИНСТИТУТИ ГЛОБАЛ ИҚТИСОДИЁТ ВА БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ БЎЛИМИ БОШЛИҒИ:
– «Марказий Осиё-Хитой» саммитидан кутилаётган натижаларга келганда, менимча, бу тадбир минтақа давлатлари ва Хитой ўртасида кооперацияни мустаҳкамлашда янги саҳифа очади, деб ўйлайман. Ўзаро муносабатларнинг асосий йўналишларини ривожлантиришга туртки беради. Албатта, бу транспорт инфратузилмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Менимча, ўтган йили икки давлат ўртасида бу йўналишда ярим миллиард долларлик тижорат шартномалари тузилишини ҳам ҳисобга олиш керак. Табиийки, ушбу саммитда қатор ҳужжатлар имзоланиши эҳтимол. Жумладан, тижорат йўналишида ҳам. Тижорат келишувлари шунчаки маҳсулот етказиб беришга эмас, биздаги саноат салоҳиятини, айни вақтда, ўртадаги йўлак - мидлкоридорни очишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Мутахассис фикрича, Хитой бозори товар ишлаб чиқарувчилар учун жуда жозибали. Марказий Осиёдан бораётган маҳсулот ҳажми мунтазам ошмоқда. Масалан, Ўзбекистон гилос, Қирғизистон ва Тожикистон гўшт, асал, қуруқ мевалар, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти бўйича пешқадамликка эришмоқда. Қозоғистон эса Осмоности мамлакатини транспорт-логистика имкониятлари билан жалб эта олади.
БЕКЖАН САДИҚОВ, ҚОЗОҒИСТОН СТРАТЕГИК ТАДҚИҚОТЛАР ИНСТИТУТИ ГЛОБАЛ ИҚТИСОДИЁТ ВА БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ БЎЛИМИ БОШЛИҒИ:
- Мамлакатимиз Ғарб ва Европа ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Қозоғистонга инфратузилмалар имкониятини очишни ҳисобга олган ҳолда, Хитой билан ҳамкорлик қилиш статегик жиҳатдан муҳим. Бундай алоқалар Қозоғистон, Марказий Осиё давлатларининг бошқа аъзо-давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришига йўл очади. Шу жумладан, Жанубий Кавказ ва Евроосиёнинг бошқа йўналишларига ҳам.
Абдумалик Сарманов таржимаси