Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасини оширмоқда. Бунда фақат экспорт ва импорт ҳақида эмас, ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқариш тўғрисида гап боряпти. Бу ҳақда брифингда мамлакат Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон аввалгидек савдо муносабатларида юртимизнинг асосий шериклари бўлиб қолмоқда. Мисол учун, биргина ўтган йили бу давлатлар билан маҳсулот алмашинуви 4 миллиард 600 миллион АҚШ долларини ташкил қлиган. Энг кўп маҳсулот қўшни Ўзбекистонга жўнатилади, бу – 2 миллиарддан зиёд Америка валютасига тенг маҳсулот, дегани. Импортга келсак, қўшниларимиз асосан бизга текстиль, қурилиш материаллари ва мавсумий мева-сабзавот маҳсулотлари юборади.
Бахит Султанов, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири:
- Маҳсулот алмашинуви ҳақида айтадиган бўлсак, натижалар ижобий. Асосий маҳсулотлар - буғдой, ун, нефть ва нефть маҳсулотлари, металл ва металл ашёлар. Ва шуниси муҳимки, савдо кооперацияси бўйича шартномалар доирасида энди бунга машинасозлик маҳсулотлари ҳам киради. Тожикистонга тахминан 800 миллион долларга тенг маҳсулот етказамиз. Асосийлари яна буғдой, нефть маҳсулотлари, табиий газ, кўмир. Қирғизистонга эса шу маҳсулотлар 562 миллион доллар миқдорида жўнатилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси