Қозоғистонда 2023 йилда нефть экспорти суткасига 146 минг баррелга кўпайтирилади. ОПЕК аналитиклари ноябрь ҳисоботида шундай тахмин билан чиқди. Таъкидлаш лозимки, бу аввалги прогнозга нисбатан 28 минг баррелга кўп. Мутахассислар нефть қазиб олиш Қашағанда анчага, Тенгизда бироз ортиши, Қарачағанақда конденсат қазиб олиш кўпайишини тахмин қиляпти. ОПЕК 2023 йилда бу ташкилотга кирмайдиган мамлакатларда нефть қазиб олиниши ўсишига оид октябрда берган прогнозини ўзгартирмади. У суткасига бир ярим миллион баррелни ташкил қилади. Асосан, Қозоғистон, АҚШ, Норвегия, Бразилия, Канада ва Гайана ҳисобига ўсиш кузатилади. Шу билан бирга, ОПЕК жаҳонда нефть сарфи жорий йилда суткасига икки ярим миллион баррелгача, 2023 йилда 2,2 миллионгача камайиши мумкинлигини кўрсатди. Экспертлар фикрича, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик, пандемия ва геосиёсий ҳолатга боғлиқ вазият шундай оқибатларга олиб келиши мумкин.
Нефть масаласига келсак… Таъкидлаш лозимки, шу кунларда мамлакат ҳукумати суюқ углеводородлар оқимини Грузия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Хитой ва бошқа давлатлар орқали диверсификациялаш йўл харитасини ишлаб чиқмоқда. Экспортни кенгайтириш бўйича ҳам ишлар давом этяпти. Республика Бош вазири таъкидлашича, Қозоғистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр давлатлар кўп. Жумладан, 2023 йил 1 январидан бошлаб, бир миллион тонна Қозоғистон нефти «Боку-Тбилиси-Жейхан» нефтепроводи орқали жўнатилади. Унинг ҳажмини келгусида 6 ярим миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси