Европа Иттифоқи 10 йил ичида Марказий Осиё давлатларига 120 миллиард доллар инвестиция йўллаган. Бу - минтақага киритилган бевосита хорижий капиталнинг 40 фоизи. Ўзаро ҳамкорлик амалда барча соҳаларда йўлга қўйилган, аммо салоҳият юқори. Куни кеча Марказий Осиё етакчилари ЕИ раҳбари билан фойдаланиш мумкин ва лозим бўлган имкониятларни муҳокама қилди. Қозоғистонда ҳар йили қиймати деярли 1,5 миллиард долларга тенг бўлган 100 дан зиёд турдаги қайта ишланган маҳсулотлар тайёрланиши мумкин. Шериклик учун таклиф этилаётган соҳалар - машинасозлик, темир ва пўлат ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги. Бироқ ЕИ фақат асосий савдо ҳамкоригина эмас. У йирик геосиёсий марказлардан бири, минтақамиз эса Европа ва Осиё ўртасида кўприк. Шу боис, ўзаро ҳамкорликнинг ушбу йўналишини ҳам кенгайтириш муҳим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сизга маълумки, биз ҳар йили 5 миллион тоннадан зиёд буғдой экспорт қиламиз, жумладан, Европа Иттифоқига ҳам. Сўнгги йилда Иттифоққа озиқ-овқат товарлари экспорти 32 фоизга ошди ва 630 миллион долларга етди. Шунинг учун Қозоғистон Европага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва минерал ўғитлар етказиб беришни давом эттира олади. «Яшил» энергетика – алоҳида мавзу. Ўйлашимча, бу борада ҳам яқин шериклик қила оламиз.
Терроризм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва одам савдосига қарши биргаликда курашиш. Мигрантлар ва қурол-яроғ контрабандасининг олдини олиш. Кибертаҳдид ва наркотрафикка қарши туриш. Асосий келишувлар Марказий Осиё давлат раҳбарлари ва Европа Иттифоқи вакилининг қўшма баёнотига асос бўлди. Айни пайтда логистика ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш, мулоқотни сақлаб қолиш муҳим. Бундай учрашувлар мунтазам ўтказилади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси