Бугун Қозоғистон Президенти сув хўжалиги ходимларини касб байрами билан
табриклади.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, сув – ҳаёт манбаи ва бебаҳо стратегик захира. Катта майдонга эга бўлганига қарамай,
мамлакатимизнинг анчагина қисмини чўл ва яримчўл ҳудудлар эгаллаган. Шу боис,
сув захиралари Қозоғистонда миллий хавфсизликнинг бир қисми саналади. Бу доимо давлатнинг эътибор марказида.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– 2023 йилдаги Мактубимда сувдан
тежаб фойдаланишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтганман. Сув захиралари ва ирригация вазирлиги тузилди. Аниқ вазифалар белгилаб олинди, кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилди, янги Сув кодекси қабул қилинди, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Сув объектларини қуриш ва модернизациялашга сезиларли миқдорда
маблағ ажратилган, жумладан, хорижий сармоялар жалб қилинмоқда. Ҳозирги пайтда соҳада қарийб 30 минг киши меҳнат қилади, улар шаҳару қишлоқларга, саноат корхоналари,
шунингдек, суғориладиган майдонларга сув етказилишини таъминлайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев соҳадаги устувор вазифаларни ҳам айтиб ўтди. Улардан бири қишлоқларни сув билан таъминлаш
ҳисобланади. Ичимлик сувини
тозалаш масаласи ҳам ҳал этилмоқда. Бундан ташқари, давлат сувни тежайдиган технологиялардан
фойдаланадиган хўжаликларни фаол қўллаб-қувватлайди, улар сарфлаган маблағнинг 80 фоизигача қайтарилади.
Узоқ йиллар мобайнида республикамизда Кичик Оролни қутқариш бўйича иш олиб
борилмоқда. Бундан ташқари, Президент Каспий, Балхаш ва бошқа сув ҳавзаларини
сақлаб қолиш бўйича чора кўришни топширди. Давлат раҳбари айтгани каби, сув
хавфсизлиги масаласи Қозоғистонни барқарор ривожлантиришда асосий шарт бўлиб
қолади.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз сув дипломатиясини кучайтириш билан шуғулланишимиз даркор, бу ўта муҳим иш учун кадрларни тайёрлаш ва саралаб
олиш лозим. Трансчегаравий
дарёлар ҳавзасида сувдан фойдаланишнинг самарали тизимини барпо этиш учун қўшни
давлатлар билан ҳамкорлик қилиш – истиқболдаги вазифа. Қозоғистон сув
захираларидан рационал, адолатли, тенг ҳуқуқли фойдаланиш ва сув хавфсизлигини, бутун
минтақа барқарорлигини таъминлаш учун ўзаро мажбуриятларга амал қилиш тарафдори. Қўшни мамлакатлар билан томонлар манфаатларини назарда тутувчи
конструктив мулоқот ва ҳамкорлик давом
этади, деб умид қиламиз. Қозоғистон мунтазам
равишда Марказий Осиё давлатлари сув-энергетика консорциумини барпо этиш
ташаббусини илгари суради.
2040 йилга бориб, сувга бўлган глобал талаб таклифдан ярим бараварга ошиб кетиши мумкин. Муаммони ҳозир, халқаро ҳамжамият кучларини
бирлаштирган ҳолда ҳал қилмоқ лозим, дейди Давлатимиз раҳбари. Келаси йили мамлакатимизда БМТ шафелигида Минтақавий экология саммити ўтказилиши режа қилинган. Бундай қадамлар Қозоғистонда сув хавфсизлигини таъминлашга хизмат
қилади, дея уқтирди Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Президент, шунингдек, сув хўжалигини ривожлантиришга қўшаётган
ҳиссаси учун соҳа ходимларига миннатдорлик билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу соҳада меҳнат қилаётган 45
нафар мутахассис ва фахрийга давлат мукофотларини топширди ва фахрий унвонлар
тақдим этди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

