Қозоғистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айланмаси 15 миллиард долларга етиши мумкин. Қирғизистонда бўлиб ўтаётган давлат раҳбарлари консультатив учрашувида Қосим-Жўмарт Тўқаев кўрсаткичларни оширишни таклиф қилди. Президент таъкидлашича, сўнгги беш йил давомида товар айланмаси 42 фоизга кўтарилган. Қозоғистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдоси 6 миллиард доллардан ошди. Лекин ишлатилмаган имкониятлар кўп, ҳамкорликни кенгайтириш учун катта захиралар бор, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Кўп жиҳатдан ўзаро санкция урушлари ва кучайтирилаётган претекционализм сабабли яқинлашиб келаётган глобал рецессия хавфи минтақавий иқтисодий ҳамкорликни биринчи ўринга чиқармоқда. Ишлаб чиқариш ва савдо соҳасида занжирлар узилиши оқибатида минтақалар ичидаги алоқа кучайиб бораётгани кўзга ташланяпти. Шундай вазиятда мамлакатларимиз ўртасидаги савдога оид мен тилга олган кўрсаткичлар мавжуд салоҳиятни акс эттирмайди. Марказий Осиё давлатлари ўзаро кооперацияси миллий иқтисодиётларнинг асосий бўлмаса ҳам, энг муҳим ўсиш нуқталаридан бирига айланиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.