Маориф вазири янги ўзгаришлар ҳақида гапирди

Маориф вазири янги ўзгаришлар ҳақида гапирди

Давлат тилини ўрганиш устувор тартибда амалга оширилади.  Қозоқ тилида таълим олаётган болалар рус тилини иккинчи синфдан бошлаб ўрганади. Рус тилида таълим олаётган биринчи синф ўқувчилари эса аввалги тартибда, икки тилда ўқишда давом этади. Янги қоидаларга кўра, қозоғистонлик ўқувчилар фақат учинчи синфдан бошлаб, инглиз тилини ўрганади. Ушбу ўзгаришларнинг барчаси жорий йилдан бошлаб, таълим дастурига киритилади.

Асхат Аймағамбетов, Қозоғистон Республикаси маориф вазири:

- Ўтказилган тадқиқотлар ҳамда экспертиза натижасида биринчи синф ўқувчилари уч тилни ўзлаштириши қийин бўлишини аниқладик. Бола аввало она тилида ўқиш-ёзишни ўзлаштириши зарур.

Вазир маълум қилишича, биринчи синфлар учун «Меҳнат таълими» ва «Тасвирий санъат» дарслари киритилди. Қўшимча факультативлар ҳисобига болалар шаҳмат ўйнашни ўрганиши мумкин. Бундан ташқари, педагогларни ишга олишнинг янги қоидалари ишлаб чиқилди. Асхат Аймағамбетов маълум қилишича, олий ўқув юрти битирувчилари мактабга ишга киришдан аввал сертификациядан ўтиши керак.

Асхат Аймағамбетов, Қозоғистон Республикаси маориф вазири:

- Педагогларни ишга олишнинг янги тартиби жорий этилади. Ўқитувчи ҳисоблаш мумкин бўлган критерийлар: олган таълими, иш стажи, малака тоифаси ва касбий ютуқлари асосида танловдан ўтиши зарур.

Шунингдек, вазир янги ўқув йили 31 майгача давом этишига ҳам изоҳ берди. Бунинг асосий сабаби иккита: 3,5 миллион ўқувчига тушаётган юкламани камайтириш. Ушбу янгилик туфайли 1,5 миллион ўқувчи ва 150 минг ўқитувчи учун 36 дам олиш куни пайдо бўлади. 100 та мактабда уч сменада дарсга қатнаётган 300 минг нафар бола уч эмас, икки сменада таълим олиш имкониятига эга бўлиши кутиляпти, дея маълум қилди вазир.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.