Қозоқ шоири Муқағали Мақатаев – 90 ёшда

Шоир асарлари абадий, шеърий сатрлари эса қалбларни ҳиссиётга тўлдиради. Унинг тўпламлари қозоқ адабиёти олтин жамғармасидан ўрин олган, машҳур лирик асарларига куй басталанган ва ҳамма ерда янграйди. У Пушкин, Есенин ва Блок шеърларини ёд биларди, жаҳон классикасини яхши кўрар, Шекспир ва Гёте шеъриятидан завқланарди. Муқағали Мақатаев. Бугун машҳур ёзувчи ва шоир 90 ёшга тўлган бўларди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз Тwitter саҳифасида мазкур муҳим санани тилга олиб ўтар экан, ижодкор қозоқ халқи учун ҳамиша қадрли эканлигини таъкидлади.

«Муқағали  шеърияти қозоқ халқининг ўзлигини акс эттиради. Унинг ёрқин ижоди кўп сонли ўқувчилар аудиторияси қалбини титратди. Шоир юбилейи Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан ҳамоҳанглиги ҳам рамзий мазмунга эга. Ушбу кун барча қозоғистонликлар учун муҳим сана».

Мумтоз шоир туғилган кун шарафига республика бўйлаб юбилей тадбирлари – шеърият кечалари, адабий ўқишлар ва китоб кўргазмалари ташкил қилинди. Муқағали Мақатаевга бағишланган энг йирик экспозициялардан бири Миллий Академик кутубхонада очилди. Бу ерда шоирнинг 300 дан зиёд китоб, рисолалари, расмли журналлар, турли фото, видео  ва ҳужжатли маълумотлар тақдим этилди. 

ЕРКЕЖАН ОСПАНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ АКАДЕМИК КУТУБХОНАСИ ЕТАКЧИ КУТУБХОНАЧИСИ:

- Шоир юбилейи шарафига Миллий академик кутубхонада улкан экспозиция тақдим этилди. Унда биз Мақатаевнинг турли йилларда ёзилган асарлар тўпламлари, ҳаёти ва ижодига бағишланган турли китоблар, ўзи ҳақида ёзган автобиографик асарларни жамладик. Таъкидлаш жоизки, қаламкашлар, ёш авлод ушбу нашрлардан истаганича фойдаланиши мумкин.

Муқағали Мақатаев XX аср адабиётига юлдуз каби кириб келди. Унинг ижоди ҳам, ҳаддан ташқари қисқа давом этган умри ҳам нурли, ёрқин ва шиддатли эди.

АЙГЕРИМ АКИМЖАНОВА, МУХБИР:

- Муқағали Мақатаев атиги 45 ёшга тўлганида келгуси авлодга улкан ва бебаҳо адабий мерос қолдириб, дунёдан ўтди. Қозоқ шоири ўз мухлислари қалблари ва хотирасида яшайди. Адабий танловлар ва мукофотлар унга бағишланмоқда, мактаб, хиёбон, кўчаларга унинг номи берилган. Шулардан бири – пойтахт марказида жойлашган.

Афсуски, Муқағали Мақатаев фақат вафотидан кейин қадрлана бошланди. Шоирнинг дастлабки шеърий тўплами адабиёт оламига кириб келганидан кейин ўн уч йил ўтгач, чоп этилди, асарлари бошқа тилларга таржима қилинганини эса Муқағали  ҳаётлигида кўриб улгурмади. Шунга қарамай, у ҳеч қачон тушкунликка тушмаган, чунки ўлмас ижодини ҳар нарсадан юқори деб ҳисоблаган.