Қозоғистон ўрта таълим тизимига сунъий интеллектни жорий
этиш – янги Конституцияда кўрсатилган инсон капитали ва инновацияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини рўёбга чиқарувчи стратегик йўналиш ҳисобланади. Президент Қосим-Жўмарт
Тўқаев таъкидлаганидек, замонавий технологиялар аллақачон
ҳаётнинг барча соҳаларини тубдан ўзгартиряпти, инсоният келажагига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шунинг
учун тараққиёт билан ҳамнафас бўлиш жуда муҳим. Буни халқаро экспертлар ҳам тасдиқлайди. Таниқли футуролог, геоиқтисодий стратег Олаф Грот ўз фикрлари билан
ўртоқлашди.
Олаф Грот, футуролог, Haas School Of Business (Беркли)
профессори:
- Замонавий мактаблар ҳамон саноат давридаги ёндашувдан фойдаланади: ҳаммага битта тизим, чунки иложи борича кўпроқ ўқувчини энг кам
ресурс сарфлаб ўқитиш керак. Сунъий интеллект бу ёндашувни ўзгартиради. У маълум бир
ўқувчининг маълумотни қандай қабул қилишини, уни ҳақиқий билим, кўникмаларга
айлантиришини таҳлил қила олади. Шу тариқа, таълим индивидуалашади. Биз «саноат
модели»дан мен «таълимнинг когнитив даври» деб атайдиган, янада
шахсийлаштирилган ва самаралироқ бўлган босқичга ўтмоқдамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

