Қозоғистон талабалари мамлакат ҳудудини тарк этмасдан Буюк Британиянинг етакчи тадқиқот университети дипломини олиши мумкин. Астанада нуфузли Cardiff University филиали очилади. Бакалавриат дастурига биринчи талабалар келаси йил сентябрда қабул қилинади. Фан ва олий таълим вазирлиги ҳамда Буюк Британия делегацияси ҳамкорлик тўғрисида тегишли шартномани имзолади. Делегация таркибида Буюк Британия лордлар палатаси аъзоси Майк Герман ҳам бор. У Silk Way телеканалига берган интервьюсида филиал фаолиятида тадқиқот ишлари асосий йўналишлардан бирини ташкил этишини билдирди. Талабаларга педагогика, муҳандислик соҳалари, IT, биомедицина каби талаб энг катта бўлган касб ва йўналишлар тақдим этилади. Геология, тикланувчи энергетика ва тоғ-кон соҳаларига ҳам эътибор қаратилади. Таълим даргоҳига стипендияли дастурлар асосида ҳам ўқишга кириш имконияти кўзда тутилган.
Майк Герман, Буюк Британия лордлар
палатаси аъзоси
- Қозоғистон талабалари Cardiff University Астана филиалида билим олиш имконига эга бўлади. Биз бу масалани Қозоғистон билан музокаралар вақтида муҳокама қилдик. Ҳукумат ўз талабаларини қўллаб-қувватлаш ниятида. Менимча, Кардифф мамлакатингиз эҳтиёжларига кўра ишлайди. Таълим дастури, илмий курслар мамлакатнинг иқтисодий ва илмий талабига кўра тузилади. Қозоғистонни ривожлантириш, унинг истиқболи учун зарур йўналишлар, масалан, биомедицина ҳам қабул қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.