Мактаб ўқувчиси ўз асарини АҚШда нашрдан чиқарди

Қозоғистонлик Малика Қабдилхақ асарлари дунёга машҳур бўлиб боряпти. Ёш муаллиф ўз асарларини АҚШ ва жаҳондаги йирик рақамли савдо майдончаси – Amazonда муваффақият билан илгари сурмоқда. 8 ёшли Малика инглиз тилида бир неча иллюстратив ҳикоялар ёзган. Айтишича, ўзининг бутун бўш вақтини ижодга бағишлайди ва аниқ бир севимли жанри йўқ – исталганида ижод қилиши мумкин. Асарларидан биттаси – қалин робот дўстлар – Боб ва Роб ҳамда уларнинг саргузаштлари ҳақида. Китоб 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган китобхонларга аталган ва 16 саҳифадан иборат. 

Малика Қабдилхақ, ижодкор ўқувчи: 

– «Боб ва Роб» — икки робот-дўстлар ҳақида, улар ҳамиша бирга. Улар оддий болаларга ўхшаб ўйнаб-кулади, улар билан чин маънода қизиқарли саргузаштлар рўй беради. Мактабдан берилган топшириқларни бажариб бўлганимдан сўнг, одатда иш кунлари, оқшомги пайтларда китоб ёзишга ўтираман.

Ёш ижодкор таъкидлашича, китобларга бўлган чексиз меҳри уни асарлар ёзишга ундаган. Ва дастлабки қисқа ҳикоялари беш яшарлигида яратилган. Дарвоқе, «Amazon Kindle Direct Publishing”да март ойи бошларида унинг иккинчи асари - «Аминанинг Наврўзи» нашр қилинди. Бу инглиз тилидаги ҳикоя бўлиб, қозоқча сўзлар ҳам қўлланган. Ҳикоя қаҳрамони Амина исмли қизалоқ. У китобхонни оиласи қадимий баҳорги тенгкунлик байрамини қандай нишонлаши билан таништиради. Асарда қозоқ миллий анъаналари, таом ва ўйинлари тасвирланган. 

Малика Қабдилхақ, ижодкор ўқувчи:

 Мен бу китобни маданиятимиз ва Қозоғистонга улкан муҳаббат туфайли ёзганман. Мен буни бутун дунёга билдиришга ҳаракат қиламан. Чунки бизнинг маданиятимиз жуда бой ва ҳайратомуз, мен барчага унинг гўзаллигини кўрсатишни истайман. Хоҳлардимки, менинг мамлакатимда Наврўзни қандай нишонлашларини барча хорижликлар билсин. Ютуқларимиз ва маданий меросимиз билан ҳаммамиз фахрланишимизни истайман. Муҳими – ўзимиздан ғурурланиш, ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтамаслик, таслим бўлмаслик керак. 

Малика Амазонда икки робот дўстнинг саргузаштлари тўғрисидаги яна бир китобини нашр қилишни режалаштирган. Кейинроқ эса китобни классик усулда – қоғоз вариантда ҳам чиқариш ниятида.  

Абдумалик Сарманов таржимаси.