Қуролли Кучлар ташкил топганига 31 йил тўлди

Қуролли Кучлар ташкил топганига 31 йил тўлди

Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида Астанадаги армия бўлинмаларидан бирида 120 ўринли янгиланган казарма очилди. Ушбу ҳарбий қисмда десант ҳужуми бригадаси жойлашган. Бу ерда ҳарбий маҳорат чархланади, муддатли ҳарбий хизматчилар ва шартнома асосида хизмат ўтаётган аскарлар тактик ўқув ўтказади. Кинологик расчет таркибида эса тўрт оёқли ходимлар ҳам бор. Одамлар билан бирга улар тез портлайдиган снарядларни излаш билан шуғулланади.

Мурат Алтинов, кинолог:

Бу ерда ўқув ўтказилади. Итларни мина ва бошқа портловчи моддаларни қидиришга ўргатамиз. Жониворлар бир ёшдан 6-7 ёшгача хизмат ўтайди.

Ҳарбий қисм полигонида айрим ҳарбийлар махсус бўлинмалар учун машқлар мажмуасини ўзлаштираётган бўлса, бошқалари зенит қуролидан фойдаланиш малакаларини намойиш этади. Бундай машиналар кўмагида паст учаётган нишонни уриб тушириш мумкин. Масалан, дронлар ва самолётларни.

Бундан ташқари, бу ерда аскарлар оғир артиллерияни бошқаришни ҳам ўрганади. Ватан ҳимоячилари қўл остида ҳатто мана бундай телероботлар ҳам мавжуд.

Аян Жиентаев, ҳарбий қисм бўлим командири:

- Бу зарарланган жойларда, дейлик, алоҳида аҳамиятли объектларда радиациявий, кимёвий ва биологик разведка ўтказиш учун мўлжалланган. Бошқарув блоки орқали минг метр масофадан бошқариш мумкин. Биз зарарланиш ҳолати бор-йўқлигини аниқлаймиз, ортимиздан қўшин келади.

Хавфсизликни таъминлаш учун ҳарбий қисм видеокузатув камералари билан таъминланган. Қозоғистонда малакали кадрларни тайёрлаш учун чет эл тажрибасидан фойдаланилади, энг яхши таълим дастурлари жорий этилади.

Султан Камалетдинов, Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари:

- Қозоғистонга тезкор, жангга лаёқатли, тўла таъминланган қуролли кучлар керак. Юртимиз ўз мудофаа саноати мажмуасига эга, қуроллар ва ўқ-дорининг бир қисми ўзимизда ишлаб чиқарилади, шунингдек, қурол-яроғ ва ҳарбий техника таъмирланади. Ҳозирда Туркия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлардан қурол-яроғ оламиз. 

Хуршида Абдуллаева таржимаси