Қозоғистон 2024-2026 йиллар давомида 20 та янги сув омбори бунёд этади. Уларда тахминан 2 ярим куб километр сув тўпланади. Натижада, қўшни давлатлардан келадиган сувга муҳтожлик 25 фоизга камаяди. Шунингдек, суғориладиган ерлар ҳудудини 250 минг гектарга кенгайтиради. Сув захиралари ва ирригация вазирлиги берган маълумотга кўра, бугунги кунда Қозоғистондаги сувнинг 46 фоизи мамлакта ташқарисидан келтирилади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вазирлик 2024-2025 йилларга мўлжалланган мажмуавий иш режаси тайёрлаган. Унга кўра сув омборлари жорий ва капитал таъмирдан чиқарилади, гидротехник иншоотлар, ирригация тизимлари ва жамоавий қувурларни янгилашни кўзда тутади. Йилига 150 минг гектар суғориладиган майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилиши режалаштирилган. Шу билан бирга ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш усукуналарини сотиб олишда субсидиялаш 50 фоиздан 80гача кўтарилиши режалаштирилган. Режанинг рўёбга чиқарилиши 3,7 куб километр сув захираси яратиш, суғориладиган майдонлар юзасини 2,2 миллион гектарга кенгайтириш, ўртача сув сарфини 3 куб километрга камайтириш имконини беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.