«Астана Операда» янги балет премьераси кутилмоқда

«Астана Опера» театри балет труппаси саҳнада икки олам – реаллик ва фантастиканинг қарама-қаршилигини намойиш этади. Ушбу масканда Герман Левенскольд ижодига мансуб «Сильфидалар» асари премьераси арафасида асосий репетиция бўлиб ўтди. Намойиш 29-30 сентябрь, 1 ва 3 октябрь кунларига мўлжалланган. Труппа раҳбари Алтинай Асилмуратова саҳналаштирган қадимий балет бу сафар классиканинг энг яхши қонунларига асосланган. Жаҳон балети юлдузи эътирофича, романтик балетнинг етук намунасини жонлантириш учун тажрибали артистлар билан бир қаторда ёшлар ҳам жалб этилган.

Алтинай Асилмуратова, «Астана Опера» театри балет труппаси бадиий раҳбари:
- Бизда уч нафар ёвуз жодугарлар бор, эркаклар ижро этадиган учта роль мавжуд, бу Травести партияси, уни эркак артист ҳам, аёл артист ҳам ижро этса бўлади, аммо бизнинг театрда бу уч эркак партияси, бу учта ҳар хил одам, учта мутлақо турлича образ, лекин қизиқарли. Труппани имкон қадар ижодий жараёнга ғарқ қилишга ҳаракат қилдим.

Дарвоқе, Сильфидалар бош партиясини 4 та яккахон ижро этади. Булар - Анастасия Заклинская, София Адилханова, Шуғила Адепхан ва илгари бу образни пойтахтдаги бошқа театр саҳнасида мукаммал ижро этган Мадина Унербаева. Ўзига хос ранг-тасвирли декорациялар, рассомлар яратган эртакнамо либослар ушбу образга вазнсиз, енгил, умуман, ўзгача бир қиёфа бахш этган.

Мадина Унербаева, Театр етакчи яккахони, Қозоғистон Республикасида Хизмат кўрсатган арбоб:
- Ўша пайтларда, албатта, мен жуда ёш бўлганман, бу ролни мутлақо тушунмаганман, айтмоқчиманки, вақт ўтиши билан, шубҳасиз,  тажриба орттиргач, тушунасиз, ўз услубингиз, ўз Сильфидангиз шаклланади ва унга бошқача қарайсиз. Сильфидани биз мавсум охирида тайёрладик, Алтинай Абдуахимовна билан бирга ўрганишга киришдик. Бизда 4 та Сильфида бор, ҳаммамиз турличамиз, ҳар биримиз ўзига хос тушунамиз, албатта, мен ўз ролимни енгиллик, қўлларнинг юмшоқ ҳаракати, сакрашлар, вазнсизлик билан, ичимда кашф қилинган софлик орқали кўрсатишга интиламан.

Анъанавий шотланд куйлари, сеҳрли қаҳрамонлар, ёш деҳқон йигит ва ҳаво париси ҳақидаги сюжетнинг мафтункор воқеалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.  

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.