Курчатовга илм-фан шаҳри мақоми берилиши муҳокама қилинди

Курчатовга илм-фан шаҳри мақоми берилиши муҳокама қилинди

Курчатовни илм-фан шаҳрига айлантириш таклиф қилинди. Бугун Сенатнинг Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси кенгайтирилган йиғилишида ушбу шаҳарга алоҳида мақом бериш масаласи кўрилди. Қўмита раиси Андрей Лукиннинг маълум қилишича, сенаторлар Абай вилоятида ушбу шаҳар ва унда жойлашган Миллий ядро марказини бориб кўришди. Депутатлар таъкидлашича, Курчатовнинг асосий корхонасида самарали илмий-техник фаолият юритиляпти. Шу жумладан, хорижий корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада, ўтган йил якунларига кўра, Марказнинг тижоратдан олган даромади 4 миллион долларни ташкил қилди. Умуман олганда, Ядро маркази базасида дунёда тенги бўлмаган илмий ускуналар ишлаб турибди. Улар қаторида тадқиқотларга мўлжалланган ядро реакторлари, материалларни ўрганишга мўлжалланган токамак, илғор таҳлил ускуналари билан жиҳозланган замонавий лаборатория бор. Қўмита йиғилишида сенаторлар шаҳарга махсус мақом бериш мультипликатив самарага олиб келишини, фанни ривожлантириш, минтақага кадрлар ҳамда  инвестиция жалб этишга хизмат қилишини кўрсатиб ўтишди. 


Андрей Лукин, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:


- Биз Ҳукуматга тегишли тавсияларимизни берамиз, уларда муаммолар ечимлари аксини топади. Биринчи навбатда, Курчатов шаҳрини илм-фан шаҳри концепциясига киритиш керак. У фан учун ўта зарур бўлган инфратузилма масалаларини ҳал қилади. Мажилисда бу концепция кўриб чиқиляпти, шу жумладан, пилот лойиҳа Алмати вилоятида – Алатау ахборот технологиялари парки базасида ишланяпти. Унга қўшимча сифатида биз Ҳукуматга Курчатов шаҳрини ҳам киритишни тавсия қиламиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.