Қозоғистон дипломлари Осиё-Тинч океани минтақасида тан олинади

Қозоғистон дипломлари Осиё-Тинч океани минтақасида тан олинади

Қозоғистон дипломлари Осиё-Тинч океани минтақасида тан олинади. Мажилис ЮНЕСКОнинг олий таълим соҳасидаги малакаларни тан олиш тўғрисидаги Токио конвенциясини ратификация қилди. Ҳужжат таълим тизимлари тўғрисида маълумот алмашиш ва олий ўқув юртларини аккредитация қилиш учун миллий марказлар ташкил этишни кўзда тутади. Конвенция минтақада академик ва касбий мобилликни оширади. Бугунги кунда ҳужжатни 12 давлат, шу жумладан, Хитой, Япония, Корея, Туркия ва Австралия ратификация қилди. Қозоғистон конвенцияга қўшилган Марказий Осиёдаги биринчи мамлакат бўлди.

Саясат Нурбек, Қозоғистон Республикаси Олий таълим ва фан вазири:

- Бу мамлакатимиз таълим даргоҳлари кўрсатадиган хизматлар экспортини кенгайтиради. Яъни, бу давлатлардан кўпроқ талабалар келади. Натижада, миллий олий таълим тизимига қизиқиш ортади. Ҳозир барча Европа давлатлари билан Лиссабон жараёни доирасида шу каби ҳамкорликни йўлга қўйдик. Энди Осиё-Тинч океани давлатларида Қозоғистонда олинган дипломларни тан олиш борасидаги тўсиқлар олиб ташланади. Замонавий таълим амалиётлари ва технологиялари алмашиш бўйича имкониятлар очилади. Биз Қозоғистон дипломлари глобал даражада тан олинишига эришишимиз зарур.

Қозоғистон минтақанинг етакчи академик марказларидан бири сифатида мақомини мустаҳкамлашга интиляпти. Мамлакатда 30 минг нафардан зиёд хорижлик талаба билим оляпти. 2029 йилга бориб улар сони 100 минг нафарга етиши кутиляпти. Дунёнинг 40 та етакчи университети билан алоқа боғланган. Республикада уларнинг 33 та филиали очилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси