Қозоғистон пойтахтида халқаро кинология кўргазмаси - «Astana
Winner 2026» бўлиб ўтди. EXPO кўргазмалар марказида турли зотларга мансуб 400
га яқин ит намойиш қилинди. Юртимиз миллий меросининг бир қисми – қозоқ тозиси
алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Бу зотга мансуб итлардан бирини Елена Хардина
келтирган. Ўскеменлик бу юртдошимиз миллий този клуби раҳбари. Қарамоғидаги
Тамерлан – халқаро кўргазмаларнинг унвонли иштирокчиси.
Елена Хардина, Қозоғистон Кинологлар
уюшмаси Този зотлари миллий клуби президенти:
– Този зоти юз, ҳатто минг йил олдин пайдо
бўлган. Қадимдан кўчманчиларни очликдан сақлаб бўридан ҳимоя қилиб келган. Аммо
дунё уни билмаслиги ачинарли. Кўргазмаларда намойиш этишни мақсад қилганман.
Бугунги кунда Қозоғистон ягона зотлар китобида 4 мингга яқин
този рўйхатга олинган. Зот сонини кўпайтириш учун Кинологлар уюшмаси олис аҳоли
манзилларига боради, итларни кўздан кечиради, агар улар стандартга мос келса,
ҳужжат расмийлаштирилиб, регистрга тиркалади. Бу иш нафақат сонни кўпайтиришга,
балки ушбу зотнинг табиий сифатларини сақлаб қолишга ҳам ёрдам беради.
Бауиржан Серикқали, Қозоғистон Кинологлар
уюшмаси президенти:
– Биз учун зотлар тизимига киритилган
итлардан туғилган кучукчалар миқдори жуда муҳим. Този сони бир маромда ўсмоқда.
Ўсиш кўриниб турибди. Айтайлик, биз бу глобал ишни бошлаган 2023 йилда атиги 93
та кучукча бор эди. 2025 йилга келиб,
улар миқдори 411 тага етди. Яъни айтиш мумкинки, туғилиш сони 4 мартадан
кўпроққа ўсган.
Эслатамиз, яқинда Қозоғистонда янги байрам пайдо бўлди, 3
сентябрь Қозоқ този ва тўбети куни деб эълон қилинди. Икки йил олдин зот расман
мамлакатимизга оид деб белгиланди, эндиликда унинг тўлақонли тан олиниши учун
халқаро ҳужжатларни тайёрлашда мутахассисларга ўн йил вақт берилган. Ўтган
ҳафтада Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Халқаро Кинология федерацияси
раҳбари Тамаш Яккель билан учрашув ўтказди, унда тез орада Жетису вилоятида
Този селекцияси ва илмий-кинологик ҳамроҳлик бўйича миллий марказ очилиши
таъкидланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

