«Қўзи-Кўрпеш-Баян Сулу» спектакли - Москвада

«Қўзи-Кўрпеш-Баян Сулу» спектакли - Москвада

Москвада МДҲ давлатларининг бешинчи театр фестивали ташкил қилинди. Ягона майдончада Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Россиянинг саккизта театри тўпланди. ГИТИС усталари одатда мастер-класслар ўтказади, турли давлатлардан келган труппалар эса ўз ишларини тақдим қилади. Қозоғистондан борган Қозоқ Миллий санъат академияси талабалари итальян драматурги Луижи Пиранделло пьесаси ва Ғабит Мусреповнинг «Қўзи-Кўрпеш-Баян Сулу» асарини ўз талқинида намойиш қилди. Санъат тилига таржима қилинган афсонавий муҳаббат қиссасини тушуниш москвалик санъат шинавандалари учун қийин бўлмади, қозоғистонлик артистлар постановкасини томоша қилишни истаганлар эса зални тўлдирди.

Қимбат Тлеуова, постановкачи режиссёр:

- Ғабит Мусреповни таржима қилиш осон эмас. Услуб, она тилимизнинг бебаҳо қирраларини, оҳангдорлигини йўқотмаслик, драматургиямиз, маданиятимиз билан хорижлик ҳамкасбларимизни таништириш учун пьесани қозоқ тилида намойиш этдик. Албатта, постановкага субтитрлар қўйилди.

Серик Максотов, актёр:

- Буни қозоқ классикаси демайман, этноуслубни, сак даври услубини танладик. Воқеалар ёввойи замон услубиятида акс эттирилган. Бу нарса қонимизда бор.

Абдумалик Сарманов таржимаси.