Қозоқ този итлари - халқаро кўргазмада

Алматида «Кўчманчилар замини» деб номланган халқаро итлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирда бошқа бир қатор ит зотлари билан биргаликда қозоқ тозиси ҳам диққат марказида бўлди. Жами бўлиб, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россиядан келтирилган 500 дан ошиқ жонивор намойиш қилинди. Ҳар бир иштирокчи ит зот стандартларига мувофиқлигига кўра ўз тоифасида баҳоланди. Улар рингга олиб чиқилди, тасма билан қандай юриши, малакалари кўрсатилди, ташқи тавсифномаси, темпераменти, ранг-туси, бош, бўйин, тумшуқ тузилиши ва бошқа маълумотлари тақдим этилди. Итларни диққат билан кўздан кечирган ҳакамлар коллегияси Нидерландия, Словакия, Греция ва Хитойдан келган экспертлардан иборат. Алоҳида ажралиб турган тўрт  оёқлилар кузатув остига олинади ва келгусида уларни асраб қолиш бўйича иш олиб борилади.


Бауиржан Серикқали, Қозоғистон Кинологлар уюшмаси президенти:


– Халқаро федерация қоидаларига биноан, бу зот тан олинганидан сўнг содир бўлади. Аммо бу дастлабки эътироф, кейин бизда яна 10 йил вақт бўлади. Шунча вақт давомида қозоқ тозилари бош сонини кўпайтиришимиз, уларни халқаро саҳнада илгари суришимиз керак. Бунинг учун эса Европа ва Осиёдаги бутунжаҳон кўргазмаларида  иштирок этишимиз, уларда совринли ўринларни қўлга киритишимиз лозим.


Жерард Йиппинг, Халқаро Кинология федерацияси вице-президенти:


– Қозоқ тозисининг келиб чиқиши қадим замонларга бориб тақалади. Мен мамнунманки, Қозоғистонда ушбу зот стандартини сақловчи мақоми мустаҳкамланган. Кўргазмада кўрганларим мени ҳайрон қолдирди. Тозига қараганда, у қозоқлар тарихининг бир қисми эканлигини тушунасиз. Ўзига хос ит.


Абдумалик Сарманов таржимаси