Марказий Осиё баҳорги тенгкунликни нишонлаяпти. Эслатамиз, Наврўз 2009 йилда ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси
рўйхатига киритилганди. Бу байрам Туркманистонда ҳам кенг нишонланди. «Наврўз
водийси» майдонида тантанали тадбирлар ташкил этилди. Меҳмонлар
учун мусиқий ва театрлаштирилган томошалар кўрсатилди. Шу
ернинг ўзида миллий декоратив-амалий санъат кўргазмаси очилди. Мамлакатнинг
энг уста ошпазлари байрамга келганларга миллий таомлар тақдим этди. Спортчилар
анъанавий беллашувларда маҳоратини кўрсатди. Ва албатта, суворийлар чиқишлари
кўпчиликни лол қолдирди. «Галқиниш» гуруҳи ёрқин шоу намойиш этди.
Нурлан
Нўғаев,
Қозоғистон Республикасининг
Туркманистондаги
фавқулодда ва мухтор элчиси:
-
Ушбу кунда биз
бир-биримизга, оилаларимизга тинчлик,
эзгулик,
фаровонлик
тилаймиз, қаҳратон қишдан чиққан халқ келажакка ишонч билан
қарай бошлайди. Илиқ кунларни,
осойишталикни
кутади. Бугунги байрамда биз туркман халқининг ўзига хос
маданияти, турмуши билан танишдик. Анъаналар ва халқ ҳунармандчилигини кўрдик.
Иван
Волинкин,
Россия Федерациясининг Туркманистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
-
Бугун – ажойиб
байрам. Биз биргаликда баҳор айёми, қувонч ва табиатнинг
қайта жонланиш куни – Наврўзни нишонлаяпмиз. Туркманистонда ажойиб анъаналарга риоя этилаётгани кишини
қувонтиради. Маданият, урф-одатлар,
қадимий анъаналарга
риоя қилинади. Атрофга қаранг, ҳамма нарса гўзалликка бурканган.
Тожикистонда Наврўз байрами кенг кўламда нишонланди.
Саҳардан Душанбеда гулханлар ёқилди. Қадимий анъаналарга кўра, бу байрам
бошланганини, баҳор йўлини очиб беришини кўрсатади. Айни вақтда, ушбу гулхан
эски йилнинг муаммоларини куйдириши, куч-қувват бериши кутилади. Эрта тонгда
бошланган қўшиқ ва рақслар эл-юрт шодлигини акс эттирарди. Сўнгра махсус
карвонлар ҳаммани байрам бошланганидан бохабар қилиш учун пойтахтга йўл олди. Улкан
карнайлар Наврўз келгани ҳақида жар солди. Ушбу ўзига хос байрам кўплаб
хорижликларнинг кўнглидан жой олган. Ушбу байрамни томоша қилиш учун
Тожикистонга шу вақтда атайин келганлар ҳам оз эмас.
- Биз, эронликмиз. Наврўз тантаналарида қатнашиш учун
атайин Германиядан келдик. Тожикистонда унинг нақадар кенг байрам қилинишини
кўряпмиз, катта таассурот олдик. Ўзимизни худди уйдагидек ҳис этяпмиз.
- Мен Наврўзни байрам
қилиш учун Тожикистонга келиш керак, деб ҳисоблайман. Бу ерда ушбу айёмга катта
эътибор берилади. Ҳамма ерда юзида шодлик акс этган, бахтли инсонларни кўрамиз. Буларнинг ҳаммаси
инсонга завқ беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

