Алматида «Евроосиё» кинофестивали бўлиб ўтяпти

Алматида «Евроосиё» кинофестивали бўлиб ўтяпти

Алматида «Евроосиё» халқаро кинофестивали ўтказиляпти. Жорий йилда бу муҳим маданий тадбир қозоғистонлик машҳур кинематографчи Шакен Аймановнинг 110 йиллиги ва «Қозоқфильм» киностудиясининг 90 йиллигига бағишланди. Анжуманда 15 давлат вакиллари иштирок этяпти. Фестиваль доирасида 12 та фильм намойиш этилади. Картиналарда Бангладешдан Жанубий Кореягача, Австриядан Қатаргача бўлган мамлакатлар маданияти ва дунёқараши акс этган. Европа, Осиё ва Яқин Шарқ ижодий жамоалари маҳаллий мазмунда тақдим этилган умумий мавзуларни намойиш этади. Таъкидлаш лозимки, кинофестивалда иккита дастур мавжуд: халқаро танлов ва Марказий Осиё ҳамда Туркийлар дунёси танлови. Шунингдек, танловдан ташқари кинопремьералар ўтказилади, мастер-класслар ва тадбиркорлик майдончалари ташкил этилиши кўзда тутилган.


Диана Ашимова, XVII «Евроосиё» халқаро кинофестивали дастурлар директори:


- Жорий йилги дастур географияси хилма-хил, қатнашаётган фильмлар жанри ўта фарқли, Қозоғистон киносининг жуда қизиқарли дастури бор. Фестиваль танаффусдан сўнг тикланди, унинг ўзига хослиги – қайта жонлантириш, анжуманнинг аввалги шуҳратини тиклашга уринаётганимизда бўлса керак.


Абдумалик Сарманов таржимаси