Қозоғистон Миллий музейида Роза Бағланованинг 100 йиллик юбилейига аталган ноёб кўргазма очилди. Экспозициядан машҳур қозоқ опера ва эстрада ижрочисининг шахсий буюмлари жой олган. Улар қаторида саҳна либослари, тақинчоқлар, турли давлат мукофотлари, оилавий архивда сақланаётган фотосуратлар бор. Таъкидлаш лозимки, ушбу буюмларни оила аъзолари тақдим этган. Мазкур юбилейга аталган кўргазмадаги ҳар бир экспонат Роза Бағланованинг ёрқин ҳаёт йўлини очиб беради, унинг хотирасини абадийликка муҳрлайди. Шуни ҳам айтиш керакки, Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига кўра, афсонавий ижрочининг юбилейи шарафига йил давомида минтақа, мамлакат ва халқаро даражада тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Тажен Бағланов, Роза Бағланованинг ўғли:
- Бағрикенг инсон, жамоат арбоби бўлган, айни вақтда, профессионал қўшиқчи эди. Табиийки, халқ ичидан чиққан. Халқ қаҳрамони. Биринчидан, лол қолдим. Онамнинг 100 йиллигига шу қадар катта кўргазма очилди. Оиламиз учун, мухлислар учун бу жуда катта совға, бебаҳо тадбир. Кўргазмага онам тақиб юрган медаллар, шахсий буюмлар қўйилди. Музей таклифи билан ҳаммасини шу ерга келтирдик.
Абдумалик Сарманов таржимаси