Мутахассислар лойиҳага сидқидилдан ёндашди. Арт-директор замонавий рассомлар учун одатий бўлмаган ишларни ҳам бажаради – Санжар Жусуп фактлар, олимнинг учрашувлари, этнографик тадқиқотлар, тарихий ва энциклопедия маълумотларини тўплашни ўз зиммасига олган. Муаллифларнинг бундан мақсади – тарихий картинадаги либослар, маиший буюмлар, аниматорлар чизгиларида хатоликларга йўл қўйилмаслиги, имкон қадар хатосиз ишлашга эришиш.
Санжар Жусуп, «Dala Shyrqauy» лойиҳаси арт-директори:
- Биз учун асосий манба – китоблар. Бастакор Аблай Тлепбергенов ҳам ишимизда катта ёрдам берди, кўп нарсаларни гапириб берди, маълумотларни қаердан олиш мумкинлигини кўрсатди. Қолган қисмини эса ўзимиз топдик, 19-асрга хосликни тикладик. Баъзи ҳолатларда жуда эҳтиёткорлик билан иш тутдик. Жами 13 та серия суратга олинади, аммо бу Қурманғази берган куйлар сонига нисбатан жуда оз.
Лойиҳанинг биринчи қисми бастакорнинг болалиги, куйчи Узақ билан учрашгани ҳақида ҳикоя қилади. Унинг иқтидори, дўмбирани моҳирона сайратиши ёш Қурманғазини композициялар ёзишга ундайди. Айтганча, бир неча ҳафта аввал Youtube майдончасига қўйилган сериалнинг дастлабки қисмини ўн минглаб мухлис томоша қилишга улгурди. Иккинчи серия 30 мартда қўйилиши режалаштирилган. Ижодкорлар лойиҳанинг иккинчи мавсуми учун материал тўплашда давом этяпти. Унга Дина Нурпеисова, Суғир, Даулеткерей, Қазанғап ва бошқа афсонавий қозоқ дўмбирачилари ҳақида ҳикоя қилувчи анимацион асарлар киради.
Альберт Аргёнштейн, анимация студияси директори:
- Кимдир сценарий ёзади, қоралама чизувчи рассомлар жамоаси бор, кадрларга ажратилади, кимдир персонажларни чиқаради, яна кимлардир фонлар билан банд. Аниматорлар жамоаси эса уларнинг барчасини бирлаштиради. Бошқа лойиҳаларда биз афсоналаримиз, эртакларимиздаги персонажлар ҳақида ҳикоя қилишни режалаштирганмиз. Фольклоримиз Қозоғистон ва МДҲ, бошқа давлатлар телеэкранларига чиқишини истаймиз. Қўшимча лойиҳаларимиз шу йўналишларни кўзлаган.
Мультсериалда фактлар ҳам, машҳур куйчи ҳақидаги миф ва афсоналар ҳам кўрсатилган. Бундай ностандарт ёндашув қозоқ халқ мусиқий санъатини оммалаштиришга, қизиқишни орттиришга хизмат этади, дейди ёш аниматорлар.
Абдумалик Сарманов таржимаси