Қозоғистон ҳақида ҳикоя қилувчи видеогид яратилди

Махсус видеогид Қозоғистонда туризмни ривожлантиришга ёрдам беради. «Kazakh Tourism» виртуал ёрдамчи яратилгани тўғрисида маълумот берди. Миллий компания Хитойнинг «TikTok» сервиси билан бирга махсус лойиҳани ишга туширди. Майдончага диққатга сазовор жойлар, маданият масканлари, республика бўйича мавжуд бўлган гастрономик туризм маконлари ҳақида маълумот киритилган. Бу ташаббус Қозоғистон аҳли ва меҳмонларини мамлакат бўйлаб кўпроқ саёҳат қилишга рағбатлантиради, дея таъкидлайди ташаббусчилар. Кампания Астана ва Чимкентда иш бошлади, бошқа шаҳарлар ҳам қўшилиши кутиляпти. Барча истовчилар ундан фойдаланиши, ўзларига ёққан жойлар ҳақида ҳикоя қилиши, тавсия этиши мумкин.

Қайрат Садвақасов, «Kazakh Tourism» Миллий компанияси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи:
- Ушбу лойиҳа доирасида «TikTok» майдончасида интерфаол харита яратилади, унга кириб, исталган минтақани танлаш, турли видео коллекциясини томоша қилиш, #ГидПоҚозоғистон майдончаси аъзоси бўлиш мумкин. Контент фойдаланувчилар томонидан олинган, бу эса одатдаги шаклда беришдан кўра анча қизиқарлироқ. Биз минтақада яшовчи ҳар бир одам ўзининг севимли ўлкаси, уни қандай кўраётгани ҳақида контент тайёрлашини истардик. Ҳозирнинг ўзида Қозоғистоннинг турли шаҳарлари ҳақидаги турли хэштеглар остида қўйилган юзлаб видеоларни кўряпмиз.

Таъкидлаш лозимки, бу «Kazakh Tourism» ва «TikTok» нинг дастлабки лойиҳаси эмас. Аввалроқ рақамли майдончада баҳор байрами – Наврўзни ёритишга мўлжалланган онлайн-фестиваль ташкил этилганди. #Наурыз2023 хештеги ёрдамида ҳар бир фуқаро ўзи яшаётган жой ҳақида ҳикоя қилиши, байрам таомномалари, қизиқарли одатларини кўрсатиши учун имконият яратилган. Шунингдек, «TikTok»дан фойдаланувчилар орасида энг яхши турсюжет учун танлов эълон қилинган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.