Қозоғистонда туризм фаол ривожланяпти

Қозоғистонда туризм фаол ривожланяпти

Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида кечалари ишлайдиган экспресс-йўналишлар йўлга қўйилади. Улар аэропортлардан аҳоли манзилгоҳлари марказига қатнайди. Натижада, сайёҳлар учун қулайлик ва хавфсизлик таъминланади. Туризм ва спорт вазири Ербўл Мирзабўсинов таъкидлашича, мамлакатнинг барча халқаро аэропортларида QR-код тизими жорий этилади. Уларда такси хизматлари, электрон сим-карталар ва сайёҳлик объектлари ҳақида маълумот, меҳмонхоналарга онлайн буюртма бериш имконияти кўзда тутилади. Қозоғистонга хорижлик сайёҳлар келиши кўпайган. Ҳозирги вақтда 87 давлат фуқаролари визасиз, 107 давлатдагилар электрон виза орқали ташриф буюриши мумкин. Авиаалоқалар кенгайиб боряпти. Ўтган йили 22 та янги йўналиш ишга тушди, жорий йилда 32 та йўналиш очилиши кутиляпти. 2024 йилда Қозоғистонга 15 миллион нафар хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. 10 миллион нафар қозоғистонлик мамлакат бўйлаб саёҳат қилди. 

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири: 

– Қозоғистоннинг жозибадорлигини ошириш, хорижлик сайёҳларга меҳмондўстликни намойиш этиш чоралари кўрилиши керак. Бу йўналишда катта ишлар олиб бориляпти. Халқаро авиаалоқалар географияси кенгайиб боряпти, темирйўл ва автотранспорт йўналишлари кўпайди. Хорижликлар учун миграция жараёнлари соддалаштирилди. Меҳмонлар учун қулайлик ва хавфсизлик таъминланди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси