Қозоғистоннинг
янги Конституцияси лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига чиқарилади. Мамлакат Асосий
қонуни матни «Егемен Қазақстан» ва «Казахстанская правда» газеталарида,
шунингдек, Конституциявий Суд сайтида чоп этилди. Лойиҳани тайёрлаш билан Конституциявий
ислоҳот бўйича тузилган махсус комиссия шуғулланди. Унинг таркибида депутатлар,
ҳуқуқшунослар, жамоат ташкилотлари вакиллари ва экспертлар, жами 120 нафар
мутахассис иш юритди. Асосий қонун лойиҳаси фуқаролар, сиёсий партиялар, жамоат
ташкилотлари ва экспертлардан тушган таклифлар, шунингдек, очиқ муҳокамаларда
айтилган фикрлар асосида шаклланди. Улар Конституциянинг 77 моддасига, яъни,
матннинг 84 фоизига оид эди. Шу жумладан, янги Муқаддимада биринчи марта инсон
ҳуқуқлари ва эркинликлари давлатнинг асосий устуворлиги сифатида кўрилди.
Бирлик ва ҳамжиҳатлик, этнослар ва конфессиялараро тотувлик Қозоғистон
давлатчилиги пойдевори сифатида кўрсатилди. Ўзгармас қадриятлар қаторида суверенитет
ва мустақиллик, унитарлик ва ҳудуд яхлитлиги таъкидланди. Асосий новелла —
кенгайтирилган ваколатларга эга бир палатали Қурилтай. Конституция даражасида
биринчи марта Адолат, Қонун ва Тартиб, табиатни эҳтиётлаш кўрсатилди. Бундан
ташқари, янги матннинг асосий ғоялари қаторида таълим ва фан, маданият ва
инновация кўрсатилди. Ушбу мутлақо муҳим жиҳатлар мамлакат келажаги қозоғистонликларнинг
ютуқлари билан ўлчанишини кўрсатади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг биринчи
лойиҳасида Муқаддима, 11 бўлим ва 95 модда бўлиши кўрсатилди. Таъкидлаш
лозимки, e-Otinish ва eGov порталлари орқали таклифлар қабул қилиш давом
этяпти. Янги Конституция бўйича якуний қарор фуқароларнинг умуммиллий
референдумдаги фикри асосида қабул қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

