Қозоғистонда телекоммуникациялар тўғрисида қонун қабул қилинади

Қозоғистонда телекоммуникациялар тўғрисида қонун қабул қилинади

Замонавий чорловларга тегишли жавоб бериш учун ҳуқуқий базани рақамли дунёга мослаштириш ва экотизим яратиш лозим. Қозоғистонда ушбу мақсадда «Телекоммуникациялар ва маълумотларга ишлов бериш тўғрисида» янги қонун тайёрланяпти. Ҳозир соҳа экспертлари, давлат органлари ва бизнес вакиллари уни муҳокама қиляпти. Тегишли вазирлик берган маълумтга кўра, аввал телефон ва почта алоқасини тартибга келтирган ҳужжат тўлақонли қайта ишланиши керак. унда, аввало, интернет, WI-FI, радиочастота, 5G ва маълумотларга ишлов бериш каби технологиялар ҳисобга олиниши лозим. Янги қонунчилик таклифларини муҳокама қилиш ва «Алоқа тўғрисида» қонунга тегишли ўзгаришларни тайёрлаш учун  ишчи гуруҳ тузилди. Бир қатор йиғилиш ва жамоат тингловлари ўтказилди, мамлакат телекоммуникация бозори вакилларининг фикри ўрганилди. Шу жумладан, лицензияланмаган интернет ўрнатиш учун жавобгарлик белгилаш, соҳага инвестиция жалб этиш, аҳолини сифатли интернет ва алоқа билан таъминлаш масалалари кўрилди. Вазирлик фикрича, телекоммуникациялар соҳаси қонунчилик ва технологик жиҳатдан фаол ривожланяпти.

Асхат Ўразбек, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири ўринбосари:

- Уч мингтадан зиёд қишлоқ алоқа учун оптик толага тортилади. Ўтган йилнинг декабрида Республика бюджет комиссияси бу лойиҳани молиялаштиришни маъқуллади. Яна бир лойиҳа — Жаҳон банки билан ҳамкорликда қишлоқ аҳоли пунктларида сўнгги уланиш ишларини субсидиялаш масаласи бўйича ҳужжатни Парламентда ратификация қилишларини кутяпмиз. Учинчи лойиҳа – асосий республика ва вилоят йўллари бўйлаб антенна-мачталар ўрнатиш, у ҳозир кўриб чиқиляпти.

Айнур Бейсенбаева, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги Телекоммуникация қўмитаси бошқарма раҳбари:

- Қонун мунтазам янгиланаяпти. Бу сафар биз ҳужжат бир оз эскиргани сабабли ундаги телефонизация билан боғлиқ атамаларни қайта кўриб чиқдик. Ҳозир интернет ривожланиши, янги хизматлар, 5G, 6G технологиялари ривожланиши сабабли бу борада ишлашимиз зарур. Январь-февраль ойларида биз ўзгаришлар пакетини тайёрлаймиз, сўнгра уни давлат органлари, жамоат ташкилотлари билан мувофиқлаштирамиз, онлайн муҳокамага қўямиз. Матбуотга чиқарамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.