Қозоғистонда 2025 йилгача яна 11 минг километр пулли йўл очилади. Мажилисда бўлиб ўтган Ҳукумат соатида Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Қайрбек Ўскенбаев таъкидлашича, ҳозирча республикада икки минг километр йўлдан фойдаланиш учун пул тўлаш керак. Умуман олганда, йил бошидан буён улар орқали ўтганлардан 4 миллиард тенге тушган. Енгил автомобиллар бир километрга 1 тенге, юк машиналари 25 тенге тўлайди. Вазир маълум қилишича, республика йўлларининг 90 фоизи, маҳаллий йўлларнинг 80 фоизи талабга жавоб беради. 2025 йилга бориб, Давлат раҳбари топшириғига кўра, бу кўрсаткич тегишлича 100 ва 95 фоизга етади.
Қайрбек Ўскенбаев, Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:
- Республика йўл тармоқларида 4 минг километр йўл барпо этиляпти ёки қайта қуриляпти. 3 минг километри капитал ёки ўртача таъмирдан чиқади. Маҳаллий автойўлларнинг 4,6 минг километрида иш давом этмоқда. Республика бюджетидан автойўлларни ривожлантиришга 2022 йилда 603 миллиард тенге ажратилди. Давлат раҳбари топшириғига кўра, барча бошланган лойиҳаларни ниҳоясига етказишимиз керак. Автойўлларда улар сони 17 та, жами 4 минг километрни ташкил қилади, 2024 йилгача иш якунланиши зарур. Йил охиригача яна 1 минг километр йўл ишга тушади. Қолганлари 2023 йилда топширилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси