Алматида қўғирчоқлар кўргазмаси ўтказилди

Алматида қўғирчоқлар кўргазмаси ўтказилди

Муаллиф Марина Асеми машҳур рок-мусиқачи концертига киргач, унинг ижодига муҳаббат қўйди. Ярим йил давомида ижодкор тасвири акс этган қўғирчоқ ясади.

Марина Асеми, қўғирчоқсоз уста:

- Қўғирчоқ тайёрлаш жараёни аввалида қаҳрамоннинг 500 тача фотосуратини тўплайман. Умумий ҳажми, ўрта ҳажмини белгилаб оламан. Сўнгра ҳайкалча ясашга киришаман. Бу иш шунчаки материалга кўзчалар қўйиш эмас. Аслида у ҳам сабр, ҳам фаросат, ҳам таҳлилни талаб қилади.

Алмати шаҳрида муаллифлик қўғирчоқлари ва пахмоқ ўйинчоқлар халқаро кўргазмаси очилди. Қозоғистон ва МДҲ мамлакатларида яшовчи 50 дан зиёд уста қўғирчоқсоз 200 дан зиёд экспонат тақдим этган. Етакчи ижодкорлар, уста қўғирчоқсозлар томошабинларни ноёб коллекциялар билан таништирди, ўз касбининг нозик қирраларини намойиш қилди. Бу иш билан шуғулланаётганлар ичида шифокор, ҳуқуқшунос, ҳатто топ-менежерлар ҳам бор. Экспонатлар полимер гил, текстиль, намат ва ҳатто чиннидан ясалган.

Татьяна Семенова, кўргазма ташкилотчиси:

- Ушбу коллекциядаги қўғирчоқлар Қозоғистон тарихини ўзида акс эттиради. Мамлакат орқали Ипак йўли ўтган. Лойиҳа доирасида қозоқ либосларини намойиш этдик. Усталар нақшларни, чокларни ўхшатиб бажариш, қўғирчоқларда тарихни, анъаналаримизни акс эттириш учун ўтмишни чуқур ўрганган.

Ирина Ряполова, томошабин:

- Ажойиб либослар, кўзлар, чеҳралар! Пойабзал наматдан ясалган, махсус қолипларга тортилган. Шу тариқа ҳақиқий оёқ кийими кўринишини олган.

Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон Қўғирчоқсозлар ижодий уюшмаси Москвадаги кўргазмада қатнашмоқчи. Унда янги коллекция намойиш қилинади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.