Қозоғистонда наночироқ қўлланувчи иссиқхона хўжаликлари тармоғи яратилади. Ҳозирча пойтахт саноат паркида жойлашган биотехнологик иссиқхона мамлакатда ягона. Бу ерда уч йилдан бери кўп миқдордаги бодринг ва помидор етиштирилади. Ўзига хос бу лойиҳа муаллифи – Амангелди Таукенов. Ўз ғоясини амалга ошириш учун у 2016 йилда «Фан жамғармаси»дан 200 миллион тенгедан зиёдроқ миқдорда грант олган.
Амангелди Таукенов, лойиҳа муаллифи:
- Ишланманинг ўзига хослиги шундаки, ёруғликнинг нисбатан тўғри спектрини ҳосил қилиш учун светодиод нур ёрдамида нанозарралардан фойдаландик, бу эса ўсимлик жадал ўсишини таъминлаб, ҳосилдорликни оширади, ҳосил, ўртача олганда, 20-30 фоизга кўпроқ. Шуни ҳам айтиш керакки, анъанавий ёриткичларга қараганда, бунда электр энергияси 50-70 фоизга тежалади. Бу иссиқхонани нима учун қурдик? Тадбиркорларга светодиодли ёриткичлар яхшироқ ишлаши ва яхши натижа беришини кўрсатиш учун.
Агроном фикрича, иссиқхонанинг бир квадрат метридан ўртача 90 килограммгача сабзавот олиш мумкин. Бундай квадрат метр бу ерда - олти мингдан ошиқроқ. Ҳосилдорликка эришишда нафақат ёритишда махсус нанозарралардан фойдаланиш, балки бир қанча бошқа инновациявий усуллар ҳам муҳим омил бўлмоқда. Автоматлашган иқлим назорати, карбонат ангидрид, ҳарорат ва ҳаво намлигини текшириш тизими. Булар барчаси агрономлар меҳнати билан бирга бутун йил давомида ҳосил олиш имконини бермоқда.
Арин Орсариев, «Фан Жамғармаси» АЖ бошқаруви раиси:
- Бу нанотехнологиялар Қозоғистон ва Иллинойс олимлари томонидан ишланган. Улар керакли нанозарраларни танлаган, таркиби ва нур фотонини ўзгартириб, ўсимлик жадал ўсишини таъминлайди. Қозоғистон инновациявий маданиятида – бу жуда ёрқин ва зарурий лойиҳа, бу янги имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланишга олиб келган кашфиёт, дейиш мумкин. Агар бу лойиҳага тахминан икки юз миллион сарфланган бўлса, сотувлар натижасида мамлакат иқтисодиётига 500 миллиондан зиёд маблағ келиб тушди.
Қозоғистонда илмий лойиҳаларни тижоратлаштириш тўла ҳажмда олиб борилмоқда. Олимлар ва уларнинг «Фан жамғармаси» орқали олға сурилаётган фойдали ғояларини давлат қўллаб-қувватлайди. 5 йил мобайнида республикада икки юздан ошиқ ноу-хау саралаб олинди, 150 дан кўпроғи танловдан ўтди. 103 таси маҳаллий бозорда фаол ишламоқда, 13 таси эса ўз маҳсулотини экспортга йўллаяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси