Қозоғистонни 2024 йилда нималар кутяпти

Қозоғистонни 2024 йилда нималар кутяпти

2024 йилда Қозоғистон стратегик мақсад – ялпи ички маҳсулотни кенгайтириш билан шуғулланади. Эслатамиз, Давлат раҳбари ўтган йилги Мактубида 2029 йилгача мамлакат иқтисодиётини икки марта кўпайтириш ва 450 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйганди. Тез кунларда ўтказиладиган Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида аниқ чора- тадбирлар ва тактик ҳаракатлар ишлаб чиқилиши кутиляпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев «Egemen Qazaqstan» газетасига берган кенгайтирилган интервьюсида ушбу ва бошқа масалалар ҳақида гапирди. Халқаро валюта жамғармаси аналитиклари ҳам мамлакат иқтисодиёти ўсиши бўйича ижобий прогноз берди. Унга кўра, 2023 якунларига кўра Қозоғистон ЯИМи 259 миллиард долларни ташкил қилади. Бу эса Марказий Осиёдаги энг илдам номинал ўсиш, дегани. Жон бошига ҳисоблаганда ҳам ЯИМ динамикаси ижобий. Прогнозга кўра, 2023 йилда у 13 минг долларга етади. Аммо режаларнинг рўёбга чиқиши кўп жиҳатдан Ҳукумат фаолиятига боғлиқ. Давлат раҳбари фикрича, бунинг учун иқтисодни бошқаришда янгича ёндашувлар зарур.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жаҳондаги иқтисодий конъюнктура мамлакатимизга таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Лекин ҳар қандай қийинчилик янги имкониятлар очади. Ҳукумат барча эҳтимолларни ҳисобга олган ҳолда фаолият режасини ишлаб чиқиши зарур. Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш билан боғлиқ чора-тадбирлар тадбиркорликни ва рақобатни ривожлантириш, хусусий мулкни муҳофаза қилиш, адолатни таъминлаш билан боғлиқ ислоҳотлар билан биргаликда амалга оширилиши лозим. Бундай ёндашув туфайли биз олдинга қўйилган мақсадларга эришамиз. Шу жумладан, белгиланган муддатларда миллий иқтисодиёт ҳажмини икки марта оширамиз. Кенг кўламли инвестициялар ва йирик саноат лойиҳаларини рўёбга чиқариш иқтисодиётни ҳаракатга келтириш ва янги ўсиш нуқталарини шакллантиришга олиб келади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, яқинда кенг ваколатларга эга, инвестициявий иқлимни яхшилаш, лойиҳалар сифатини оширишга мўлжалланган Инвестициявий штаб йиғилиши ўтказилди. Қозоғистонда тизимли ислоҳотларни рўёбга чиқариш бўйича чора-тадбирлар кўриляпти. Улар «ўйин қоидалари»ни белгилаб беради. Қозоғистон Президенти таъкидлашича, бунда асосан гап Бюджет кодекси, қабул қилинган давлат харидлари ва давлат-хусусий бизнес ҳамкорлиги тўғрисидаги қонунлар ҳақида келяпти. Янгидан ишлаб чиқилаётган Солиқ кодекси инвесторлар учун қулай имкониятлар яратиш ва давлат бюджетига тегишли маблағ тушиши бўйича мувозанатни шакллантириши зарур.