Астанада ёшлар учун яна бир форум ташкил этилди

Астанада ёшлар учун яна бир форум ташкил этилди

«Ҳалол одам – ҳалол меҳнат». Астанада Ишчи касблар йили ва Қозоғистон халқи ассамблеясининг 30-йиллигига бағишланган форум ўтказилди. Унда корхоналар ишчилари, касб-ҳунар билим юртлари талабалари, депутатлар, этномаданий бирлашмалар вакиллари, Қозоғистон Меҳнат қаҳрамонлари қатнашди. Тадбирнинг фахрий меҳмонлари бўлган кекса авлод вакиллари касбий ютуқлари тўғрисида ҳикоя қилди. Уларнинг таъкидлашича, фақат меҳнатсеварлик ва одамгарчилик туфайли муваффақиятларга эришиш мумкин. Қозоғистон халқи ассамблеяси вакиллари ҳам ўз касбига вафодорлик намуналарини кўрсатди. Бугунги кунда мазкур эл-юрт тотувлигига хизмат қилувчи ташкилот қошида талабалар ассамблеялари ҳам ташкил қилиняпти. Бундай ёшлар давралари бирлик, касбий ва ижтимоий ривожланиш, ижодий салоҳиятни намойиш этишга ёрдам беради.

Тимур Жумурбаев, «Ассамблея ёшлари» республика жамоат ташкилоти раиси:

- Биз учун қозоғистонлик ёшлар халқаро ижтимоий, ижодий, илмий, волонтёрлик фаоллик доирасида иш юрита олиши жуда аҳамиятли. Ёшлар глобал даражада маданиятлараро мулоқотда иштирок этиши, шунингдек, этнослараро алоқаларни ривожлантиришнинг Қозоғистон тажрибаси дунёнинг ЮНЕСКО каби нуфузли майдончаларида муносиб тақдим этилиши ўта муҳим.

Александр Ольтов, металлург /Ақтўбе вилояти/:

- Президентимиз жорий йилни Ишчи касблар йили деб эълон қилгани барчамизга маълум. Биз учун бу - фахр, бизни кўришяпти, танишяпти, биз юртимиз, Қозоғистон учун эзгу ишлар қиляпмиз. Компаниямизда ёшлар учун барча имкониятлар бор. Энг муҳими — фаоллик, ғоялар тақдим этиш, ишга ярашингизни кўрсатишингиз керак. Ўзим ҳам уларга металлургиядаги касбий йўлим ҳақида ҳикоя қиламан.

Абдумалик Сарманов таржимаси