Қозоғистон пойтахтида Олимпиада ўйинларига тайёргарлик штаби очилди. Унинг вазифаси олдинда турган дунёвий мусобақага ва бошқа беллашувларга тайёрланишда атлетларга ёрдам беришдан иборат. Ваколатли орган барча мажмуавий беллашувлар якунланишига қадар иш олиб боради. 2024 йилда мамлакатимиз учун дастлабки йирик беллашув IV Қишки ўсмирлар Олимпиада ўйинлари бўлиб, Кореянинг Канвон минтақасида 19 январдан 1 февралгача ўтказилади. Ёзда эса Парижда ўттиз учинчи Олимпиада ва 18-Паралимпиада ўйинлари бўлиб ўтади. Таъкидлаймиз, Қозоғистон терма жамоаси жамғармасида спортнинг 8 тури бўйича 17 та лицензия мавжуд.
Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси туризм ва спорт вазири:
— Бизда бундай амалиёт бўлмаган. Штаб доимий фаолият юритади. Муаммолар жуда кўп, тиббиёт, фармакология таъминотида, булар хориждаги элчихоналаримиз билан кўриб чиқиляпти. Бу фақат Париждаги Олимпиада учун эмас. Икки ҳафтадан кейин терма жамоамиз Канвонга, Кореяга йўл олади. Биз 30 та лицензияни қўлга киритдик. 42 нафар спортчи боради. 10 та тоифа бўйича. Муваффақият кутиб қоламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.