Ўз фуқаролик позициясини намойиш қилганларнинг аксарияти - талабалар, сайёҳлар, тадбиркорлар, шунингдек, дипломатик миссия ва халқаро ташкилотлар вакиллари. Анқара, Истамбул ва Анталияда очилган учта сайлов участкасида барча зарур шароитлар яратилди. Туркиянинг олис минтақаларида таҳсил олаётган қозоғистонлик талабалар учун автотранспорт ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, саломатлиги туфайли сайлов участкасига кела олмайдиганлар учун мобиль-қутилар ташкил қилинган.
Мерей Муқажан, 286-сайлов участкаси комиссия аъзоси:
– Сайловга келган талабалар сони ҳақида айтишни истардим. Маълумки, Туркияда 8 мингдан кўпроқ қозоғистонлик ёшлар таълим олади. Мамлакатда рўй берган зилзила туфайли кўпчилигининг ўқиши онлайн шаклга ўтказилган бўлса-да, улар ўз фуқаролик бурчини адо этиш учун сайлов участкасига келди.
Хориждаги охирги сайлов участкаси АҚШда, Сан-Францискода Астана вақти билан 20 март куни эрталаб соат 9 да ёпилди. Бу шаҳардан ташқари, яна иккита жойда - Вашингтон ва Нью-Йоркдаги Қозоғистон дипломатик муассасаларида ҳам овоз бериш пунктлари ташкил қилинган. Қўшма Штатлардаги консуллик ҳисобида беш юзга яқин Қозоғистон фуқароси бор. Америкада яшовчи қозоғистонликларнинг умумий сони эса юз мингдан ошиқ. Таъкидлаш керак, 62 та чет давлатда 77 та овоз бериш пункти очилган. Республика Ташқи Ишлар вазирлиги берган маълумотларга қараганда, хориждаги сайлов участкаларида тахминан 9 мингтача қозоғистонлик овоз берган. Бу чет элдаги фуқароларимиз жами сонининг 72 фоизини ташкил этади. Айтиш керак, хорижий давлатларда бўлиб турган сайловчиларнинг умумий сони 12 мингдан зиёд.
Абдумалик Сарманов таржимаси