Апрель ойида банклардаги қозоғистонликлар депозитларида сақланаётган маблағ 13 триллион тенгедан ошди. Ушбу кўрсаткич бир йил давомида 13 фоизга ортди. ranking.kz портали маълум қилишича, 22 та молия ташкилотининг 18 тасида улар сони ортган. Ўсиш бўйича энг юқори кўрсаткич уй-жой-қурилиш жамғармалари тўплашга ихтисослашган давлатга қарашли Ўтбаси банкда кузатилди. Ундаги депозитлар сони 45 фоизга кўтарилди. Шу тариқа, келгусида бошпана харид қилиш ниятида қозоғистонликлар 2 триллион тенгедан кўпроқ маблағ жамғариб қўйди. Жорий йилда Ўтбаси банк иккинчи даражали банклар тизимидан чиқарилади ва Миллий тараққиёт ташкилоти мақомини олади. Чакана омонатлар Қозоғистон банклари умумий депозит портфелининг 51 фоизини ташкил қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.