Қозоғистонлик полицеячи самолёт судраш бўйича
5-рекордини ўрнатди. Жиноий-қидирув
бўлими катта ваколатли ходими Бауржан Камалиев 32 ярим тонна юк ортилган ҳаво кемасини 10 метр масофага судраб борди. Оғир атлетикачи Миллий гвардия авиабазасида яқинлашиб келаётган касбий байрам арафасида
шундай ютуққа эришди. Қозоғистон Рекордлар китоби расмий вакили бу ютуқни расман
қайд этди.
Бауржан Камалиев, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий-тергов
департаменти ходими:
- Ҳаётим иш – машғулот – уй шаклида кечяпти. Шунинг учун
бундай синовга тайёр эдим. Тор каби ҳамиша таранг юраман. Жанговар вазифани
бажара оламан. Ватан менга: «Бауржан, хизматинг керак», деса ётган жойимдан
сакраб тураман ва хизматга югураман.
Қуандиқ Қудайбергенов, Қозоғистон Республикаси Рекордлар китоби расмий
вакили:
– Орқа ғилдираклардан ҳисобласак, 10 метр ҳаракатланганини кўрамиз.
Бауржан, сизни муваффақият билан табриклаймиз. Ички ишлар ходими, полициячи
бугун самолётни юрғазди.
Таъкидлаш лозимки, Миллий гвардияга қарашли авиабаза самолётлари ва вертолётлари
ҳарбий хизматчиларни, гуманитарюкларни ташиш, одамларни эвакуация қилиш учун ишлатилади.
Бу ҳаво кемаси Туркияга, Сурияга, Афғонистонга учган. Тошқинга қарши
тадбирларда ишлатилган. Авиация эскадрильяси
мустақилликнинг илк даврида Алмати вилоятида ташкил қилинди. 2017 йилда
мамлакатнинг ҳар қандай нуқтасига дарҳол етиб бориши учун Астанага кўчирилди.
Талғат Буланов, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардия авиация эскадрильяси командири
ўринбосари:
– Бизда ҳозир уч турдаги – Ан-74, Ан-26 ва Хитойда ишлаб
чиқарилган, юк ташиш бўйича пешқадам янги Уай-8 самолётлари бор. 20 тоннагача
юк ташиш мумкин. Тошқин вақтида уларнинг жуда зарурлиги яққол кўринди. Ёрдам
кўрсатиш учун жуда кўп нарса етказиб бериш лозим бўлди. Деярли ҳамма юкларни
мазкур самолётлар ёрдамида ташидик.
Абдумалик Сарманов таржимаси.