Парламент транспорт ва логистика бўйича шартномаларни ратификация қилди

Қозоғистон ва Хитойда логистика марказлари ривожлантирилади. Бу эса Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйича қўшимча транзит юклар жўнатиш имконини беради. Бугун Сенат депутатлари йўлакни ривожлантириш бўйича икки давлат ҳукуматлари имзолаган шартномани ратификация қилди. Ҳужжат автомобиль, темирйўл ва денгиз транспортидан самарали фойдаланиш, юк ташишлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради. Осмон ости мамлакати билан ратификация қилинган яна бир шартнома Ўрта йўлак орқали «Хитой – Европа» йўналишида контейнер поездларини ўтказиш билан боғлиқ. У Транскаспий халқаро транспорт йўналиши орқали юбориладиган юк ҳажмини прогноз қилиш имконини беради. Натижада, икки давлат ўртасида барқарор транспорт алоқалари шаклланади. Шартнома ҳар иккала давлат орасида маълумот алмашиш ва темирйўл составларини кузатиб бориш туфайли хавфсизликни яхшилаш имконини беради.

 

Андрей Лукин, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:

- 2023 йилда Транскаспий йўналиши бўйлаб йигирма футли эквивалентда ҳисоблаганда 20,5 минг контейнер ўтказилди. Шуни ҳам айтиш керакки, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида йўналишда контейнер ташиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга ортди. Иш ҳажмининг анча кенгайиши бу йўналишнинг халқаро транспорт ва логистика занжирларидаги аҳамияти ортаётганини кўрсатади. Демак, ҳар икки томон учун долзарб шартнома ўз вақтида тузилди.


Яна битта шартнома Қозоғистон ва Хитой ўртасида автомобиль юклари ташиш учун қулай шароитлар яратади. Унда ҳайдовчи ва транспорт воситасига қўйиладиган талаблар, суғурталаш, солиқ солиш, ўтказиш пунктларида назорат каби масалалар акс эттирилган. Энг муҳими, бу ҳужжатда мамлакат ичига кириб бориш муаммоси ҳал қилинган. Энди Қозоғистон юк ташувчилари ҳам Хитойнинг йирик шаҳарлари, денгиз портларига бора олади. Шунингдек, Парламент Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари ўртасида имзоланган комбинацияланган юк ташишлар тўғрисида шартномани ҳам ратификация қилди. Ҳужжатлар имзолаш учун Давлат раҳбарига юборилди.Һ

Абдумалик Сарманов таржимаси.