Қозоғистонлик мактаб ўқувчилари сув захираларини асраш ва олишга йўналтирилган инновациявий лойиҳаларни фаол ишлаб чиқмоқда. Мисол учун, Алмати гимназияларидан бирининг ўқувчиси Дана Қадирбек ҳаводан ичимлик суви олувчи ускуна яратди. Намлик замонавий наноматериаллардан фойдаланган ҳолда, бевосита атмосферадан йиғиб олинади. Металли органик каркаслар сув молекулаларини ушлаб қолади, уларни конденсация қилиб, электр тармоғига уланмасдан ичимлик сувига айлантиради. Ускуна ишга тушиши учун фақат қуёш энергияси талаб қилинади, холос. Келгусида муаллиф лойиҳани кенгайтириш ва синовдан ўтказишни режа қилган.
Дана Қадирбек, гимназия мактаби ўқувчиси /Алмати/:
– Мен наноматериаллар синтезини ишлаб чиқяпман, мазкур ускунанинг асосий компоненти мана шу. Ва бу жиҳоз тўла-тўкис энергияга боғлиқ эмаслиги туфайли фойда келтиради. У фақат қуёшда, қуёш энергиясида ишлайди, ускуна кўмагида одамлар тоза ичимлик сувини олиши мумкин бўлади.
Ишланма БМТнинг Венадаги штаб-квартирасида, «Cleantech Days-2026» форумида тақдим этилди. Дана - космик технологиялар бўйича турли халқаро танловлар, шунингдек, АҚШ, Индонезия ва Жанубий Кореяда ўтказилган беллашувлар совриндори. Ўтган йили ёш изланувчи Сув захиралари ва ирригация вазирлиги билан ўз кашфиётини пилот тарзда ишга тушириш бўйича меморандум имзолаган.
Тегишли муассаса, шунингдек, астаналик мактаб ўқувчиси Жангир Абуов лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватлади. У хўжалик сарфларидан озиқ-овқат маҳсулотлари орқали билвосита фойдаланишгача бўлган якка истеъмолни таҳлил қилиш имконини берувчи «сув излари»ни ҳисоблаш учун интерактив платформа ишлаб чиққан. Кейинчалик бу маълумотлар асосида захираларни тежаш бўйича якка тартибдаги тавсиялар шаклланади. Вазирликда таъкидланишича, бундай ташаббуслар эрта ёшдан сувга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўргатишга хизмат қилади. Бу йўналишдаги ишлар таълимий ва экологик дастурлар доирасида бутун мамлакат бўйлаб олиб борилмоқда.
Жангир Абуов, гимназия мактаби ўқувчиси /Астани/:
– Биринчи навбатда, мақсадимиз — фуқаролар орасида хабардорликни ошириш. Одамларда хабардорлик даражаси ошса, улар сувни тежай бошлайди. Бу эса бизнинг иккинчи мақсадимиз. Яъни фақат билиб қолмасдан, одамлар турмуш тарзига янги одатларни жорий қилсин, сувни тежаб ишлатсин.
Абдумалик Сарманов таржимаси

